Ливанда эронпараст “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи (АҚШ ва бошқа қатор мамлакатларда террор ташкилоти деб тан олинган) аъзолари томонидан шифрланган ички хабарлашма учун алоқа жиҳозлари бир пайтнинг ўзида портлаган. Бу ҳақда Исроилнинг Ynet портали хабар қилди.
Журналистларга кўра, гуруҳ томонидан смартфон ўрнида қўлланилган рация ва пейжерлар пойтахт Байрут, Ливан жануби ва Бақо водийсида масофадан туриб портлатилган.
“Ҳизбуллоҳ” вакили Reuters агентлигига бунинг “ташкилот ўз тарихида дуч келган энг йирик хавфсизлик бузилиши” эканини билдирган.
Дастлабки маълумотларга кўра, портлашлар чоғида бир ёш бола дохил тўққиз киши ҳалок бўлган. Улардан қанчаси “Ҳизбуллоҳ” аъзоси эканига аниқлик киритилмаган.
Ҳодиса пайтида “Ҳизбуллоҳ”нинг юқори лавозимли мулозимлари ҳам жароҳат олган. Al Hadath нашрининг ёзишича, ташкилотнинг Ливан парламентидаги вакили Али Аммарнинг ўғли ўлдирилган.
“Жабрланганлар орасида Эроннинг Ливандаги элчиси ҳам бор”, дея хабар қилди “Ал-Жазира”. Портлаш чоғида ё элчининг ҳам ёнида шундай жиҳоз бўлган, ёки “Ҳизбуллоҳ” вакиллари билан мулоқот қилаётган бўлган,
Ливан нашрларига кўра, эронлик дипломатнинг ёнида пейжер бўлмаган. Иддаога кўра, пейжер элчининг дўстларидан бирининг ёнида бўлган.
The Wall Street Journal нашри ўз манбаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда, портлаган пейжерлар “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи аъзоларининг қўлига яқинда теккан янги жиҳозлардан бўлганини ёзмоқда. Гуруҳ вакили тахминига кўра, пейжерлар вирусли бўлган, вирус аввал жиҳознинг қизиши, кейин эса портлашига сабаб бўлган бўлиши мумкин.
“Ҳизбуллоҳ” гуруҳи Исроил махсус хизматлари кузатувидан халос бўлиш учун смартфонлардан фойдаланишни бас қилган эди.
Эрон нашрлари содир бўлган воқеада Исроилни айбламоқда. “Ҳизбуллоҳ” ҳодисадан кейинги ўзининг илк баёнотида Исроилни айбламаган ва текширув ўтказилишини билдирган. Кейинроқ гуруҳ портлашлар учун масъулиятни “исроиллик душман”га юклаган ва бунга жавоб берилишини билдирган.
“Исроил хавфсизлик хизматлари “Ҳизбуллоҳ” тез орада ҳужумга жавоб қайтариши мумкинлигини истисно қилмаяпти”, дея хабар қилган Исроилнинг “Вести” нашри мамлакатда жанговарлик ҳолати кучайтирилганини қўшимча қилган.
Sky News Arabia манбаларига кўра, алоқа жиҳозлари детонациясига Исроилнинг “Моссад” разведка хизмати алоқадор бўлиши мумкин. Нашр манбасининг айтишича, “Моссад” пейжерлар аккумуляторига портлаш хавфи бўлган унсурлар жойлаштирган, улар эса жиҳоз қизиган пайтда детонацияга сабаб бўлган.
“Озодлик” радиосининг Исроилдаги манбаси аппаратларга портлаш мосламаси жойлаштирилган бўлиши мумкинлиги тахмин қилган, бироқ, манбага кўра, жиҳозлар ёппасига портлагани эътиборга олинса, бу ишни амалга ошириш ўта мушкул.
АҚШ Давлат департаменти Қўшма Штатларнинг Ливандаги нохуш ҳодисага ҳеч қанақа алоқаси йўқлигини ва бундай воқеалар содир бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилмаганини билдирган.
БМТ вакили эса ташкилот портлашлар ҳақида етарли маълумотга эга эмаслиги, бироқ тинч аҳоли вакиллари қурбон бўлганини қоралашини қайд этган.
Байрутдаги портлашлар билан бир вақтнинг ўзида Дамашқда “Ҳизбуллоҳ” автомобили портлагани ҳақида маълумот келиб тушган.
“Ташкилотнинг тўрт нафар аъзоси яраланди”, дея маълум қилган қароргоҳи Британияда бўлган Сурия инсон ҳуқуқлари маркази директори Al Hadath телеканалига. Дамашқдаги мобил жиҳозлар детонациясидан 14 киши жароҳат олган.