Лондон инсон ҳуқуқлари трибунали 11 ноябрь куни гувоҳлар, фаоллар ва бошқаларнинг 2019 йил ноябрида сиёсий истеблешментга қарши Эронда бўлиб ўтган намойишлар бостирилишида Теҳроннинг роли тўғрисидаги кўрсатмаларини тинглай бошлади. Ўшанда намойиш куч билан тарқатилиши натижасида 300 дан ортиқ киши нобуд бўлган эди.
Халқаро халқ трибунали 14 ноябргача давом этади, комиссия эса 160 дан зиёд гувоҳнинг кўрсатмаларига таянган ҳолда Эрон теократик ҳокимиятининг хатти-ҳаракатларини “инсониятга қарши жиноятлар” сирасига кириш-кирмаслигини ўрганади. Трибунал ҳисоботи келгуси йил бошларида эълон қилиниши кутилмоқда.
Ҳуқуқий мақомга эга бўлмаган бу трибунал Лондондаги “Эрон учун адолат”, Ослодаги “Эрон. Инсон ҳақлари” ҳамда Парижда жойлашган “Ўлим жазосига қарши биргамиз” ҳуқуқбонлик гуруҳлари ташаббуси билан чақирилган. Гуруҳлар Эронни 2019 йилдаги қотилликлар учун жавобгарликка тортмоқчи.
Эронда митинглар 2019 йил 15 ноябрь куни бошланган эди. Норозиликка бензин қимматлашуви ва ёнилғи савдосига қўйилган чекловлар сабаб бўлган. Тез орада норозилик тўлқини 100 дан зиёд шаҳарга ёйилган. Аксар намойишчилар Эрон раҳбарлари, хусусан оятуллоҳ Али Хоманаийга қарши шиорларни ҳайқириб чиқишган.
Инсон ҳақлари ташкилотларига кўра, эронлик расмийлар бунга куч билан жавоб бериб, юзлаб намойишчини, жумладан тасодифий ўткинчиларни ўлдиришган. Шунингдек, ҳукумат ахборот алмашишнинг олдини олиш учун бир неча кунга интернетни қарийб тўлиқ ўчиртириб қўйган.