Singapore Airlines учоғи билан Лондондан Сингапурга учган йўловчиларнинг кўпи парвоз чоғида атмосферадаги кучли гирдобли ҳаракат сабабли қўрқув ва саросимани бошдан кечирдилар. Reuters агентлиги хабарига кўра, ҳодиса туфайли бир киши вафот этган, ўнлаб одам тан жароҳати олган. Медиклар йўловчининг юрак хуружидан ўлган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқдалар.
Боинг-777 учоғи 22 май куни тонгги соат 5.00 ларда Сингапурга етиб келган.
Йўловчилар фавқулодда ҳолат тафсилотларини кутаётган журналистларга эътибор бермаган ҳолда учоқ бортини жимгина тарк этишган.
Лондон - Сингапур мунтазам рейси учоқ гирдобли ҳаракат йўлидан учиб ўтганидан кейин Бангкокка йўналтирилган. Учоқида силкиниш ўта кучли бўлганидан йўловчилар салон бўйлаб учиб кетишган, айримлариниг эса бошлари шифтга урилган.
Сингапур Транспортдаги хавфсизликни текшириш бюроси (TSIB) ҳодиса юзасидан текширув ўтказмоқда, АҚШ Транспортдаги хавфсизлик бўйича миллий кенгаш эса йўловчиларни дастаклаш учун ўз вакилларини йўллаяпти.
Авиаширкат маълумотига кўра, кутилмаган гирдобли ҳаракат парвоз бошланганидан тақрибан 10 соатча ўтгач, Мьянмадаги Иравади ҳавзаси устида бошланган.
Reuters қайдича, гирдобли ҳаракатга кўп нарса сабаб бўлиши мумкин, улар орасида энг кўп учрайдигани об-ҳаво шароитининг беқарорлигидир. Мазкур парвозда гирдобли ҳаракатга аниқлаш жуда қийин бўлган “тоза ҳаво турбулентлилиги” деб аталган ҳодиса сабаб бўлган бўлиши мумкин, дейилган хабарда.
NTSB томонидан 2021 йилда ўтказилган тадқиқотга мувофиқ, гирдобли ҳаракат билан боғлиқ авиаҳалокатлар парвоз ҳодисалари орасида энг кўп учрайдигани бўлиб ҳисобланади.
Боинг-777 учоғи салонида олинган фотосуратларда юқоридаги панелларда каттагина ёриқларни, юқоридан осилиб ётган кислород ниқобларини ва ҳар тарафга сочилган юкларни кўриш мумкин.
Авиаширкат вакиллари ҳодиса чоғида 30 киши жабрланганини маълум қилишган, бироқ, Таиланддаги Самитивей касалхонаси 71 нафар йўловчини даволаётганини билдирган.