Лос-Анжелес атрофидаги ўрмон ёнғинларида 2 киши ҳалок бўлди

Лос-Анжелес атрофидаги кенг кўламли ўрмон ёнғинлари чоғида 8 январь куни камида икки киши ҳалок бўлган.

Аланга 800 гектардан зиёд майдонни қуршаб олган. Ёнғин шаҳар четидаги биноларга яқинлашиб, тураржойларга туташган. Ҳодиса ортидан шу пайтгача 32 мингдан зиёд киши эвакуация қилинган, жами 70 минг кишини кўчириш режаланган. Бундан ташқари, округда яшовчи минглаб одам мустақил равишда ўз уйларини тарк этишмоқда. Округда фавқулодда вазият тартиби эълон қилинган.

Калифорния штати ва АҚШдаги энг қиммат ва нуфузли мавзелардан бири бўлмиш Пасифик-Палисейдсда аланга мингдан зиёд бинонинг кулини кўкка совурган, яна 28 минг бино хавф остида экани айтилмоқда. Расмийлар ўнлаб мактабни ёпиб қўйган. Федерал авиация маъмурияти ёнғин қуршовида қолган ҳудудлар узра парвозларни тақиқлаган.

Лос-Анжелес маъмурияти шаҳарликлардан сув ғамлаб қўйишни сўраган, чунки аланга водопровод тизимига шикаст етказиши мумкин. Шаҳар мэри Карен Басс чор-атроф киши саломатчилиги учун хатарли даражада тутунга тўлгани ҳақида огоҳлантириб, шаҳарликларга уйларида қолиш, ойна ва эшикларни зичлаб ёпиш ҳамда ҳимоя ниқобларидан фойдаланишни тавсия қилган.

Лос-Анжелес округи ўт ўчириш хизмати раҳбари Энтони Марроне хизмат ёнғинни ўчиришга қурби етмаётганини тан олган.

Биз бир ёки иккита йирик ёнғинга тайёр эдик, лекин бирданига тўртта ёнғинга эмас”, деган у. Табиий офатни бартараф қилишга қўшни округлардан ўт ўчирувчилар ва захирадаги ҳарбийлар чақирилган.

АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп Truth ижтимоий тармоғидаги постида ёнғинлар учун масъулиятни Калифорния штати губернатори Гэвин Ньюсом (Демократик партия) зиммасига юклаган. Трампга кўра, губернатор аввалроқ штатда сув захираларини қайта тақсимлаш лойиҳасини мувофиқлаштиришдан бош тортган. Ньюсом фикрича, қайта тақсимлаш маҳаллий сув ҳавзалари биохилма-хиллигига хавф соларди, Трамп фикрича эса бу ёнғинларни ўчириш учун сув захиралари яратган бўларди.

J.P. Morgan молиявий ширкати ҳисоб-китобига кўра, ёнғиндан кўрилган зарар ҳозирнинг ўзида 10 миллиард долларга етиши мумкин.

Лос-Анжелес атрофидаги ўрмон ёнғинлари 7 январь куни бошланган. Аланганинг асосий ўчоқлари Палисейдс, Итон, Хёрст ва Вудли мавзелари бўлиб ҳисобланади. Ўт ўчирувчилар фақат Вудлидагина ёнғинни қуршаб олишга муваффақ бўлишган. Қолган жойларда қуруқ об-ҳаво ва шамол туфайли аланга тез орада катта ҳудудга ёйилиб кетган. Лос-Анжелес шаҳри жойлашган Жанубий Калифорнияда май ойидан буён бор-йўғи 2,5 миллиметр ёғингарчилик кузатилган.