АҚШнинг Калифорния штатидаги кенг кўламли ёнғинларда камида 24 нафар одам қурбон бўлган. Бу ҳақда ABC News телеканали ва AP агентлиги Лос-Анжелес округи суд-тиббиёт экспертизаси департаменти маълумотларига таянган ҳолда хабар қилишди. Итонда 16 киши, Палисейдсда эса 8 киши ҳалок бўлган.
AP қайдича, камида 16 киши бедарак йўқолган. Улар сони ошиши мумкинлиги айтилмоқда.
Маҳаллий расмийлар электр тармоқлари узилган, газ сизиши кузатилаётган ва бошқа хатарли омиллар бўлган ҳудудларга бориш хавфсиз бўлмагунича қурбонларнинг якуний сонини аниқлашга имкон бўлмаслигидан огоҳлантиришган.
12 январь оқшоми ҳолатига Палисейдсдаги ёнғиннинг фақат 11 фоизигина ўчирилган. Итондаги ёнғиннинг эса 27 фоизини ўчиришга муваффақ бўлинган.
Синоптиклар жорий ҳафтада кучли шамоллар қайтиши билан хавфли об-ҳаво шароити юзага келиши мумкинлигини айтишмоқда. Миллий метеорология хизмати соҳилбўйи ҳудудларида шамол соатига 80 километр, Лос-Анжелес ва Вентура округлари тоғларида эса соатига 113 километр тезлик билан эсиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Калифорниялик сенатор Адам Шифф CNN телеканалига ёнғин содир бўлган ҳудудлар “жанговар ҳаракатлар ҳудуди”ни эслатишини айтган. “Бутун бошли мавзелар йўқ бўлди. Бунақасини аввал ҳеч кўрмагандик”, деган у.
Калифорния губернатори Гэвин Ньюсом NBC каналига ўрмон ёнғинлари “сарф этилган харажатлар ва кўламидан келиб чиққан ҳолда” АҚШ тарихидаги энг даҳшатли табиий офатга айланиши мумкинлигини билдирган.
AccuWeather медиаширкатининг дастлабки ҳисоб-китобига кўра, ҳозирги пайтда кўрилган зарар ва иқтисодий талафот 135 миллиард доллардан 150 миллиард долларгачани ташкил қилади. Кўрилган зарарнинг бу қадар катталигига у ерда кули кўкка совурилган тураржойларнинг АҚШдаги энг қиммат уйлар бўлгани ҳам сабабдир.
Калифорнияда ўрмон ёнғинлари 7 январдан буён давом этмоқда. Бу ёнғинлар штат тарихидаги энг даҳшатли ёнғинлардан бири ўлароқ баҳоланяпти.