Россия томонидан қўллаб-қувватланаётган Луганск сепаратчиларига тегишли ижтимоий тармоқларда 17 февраль куни Украина ҳарбийлари Новая Кондрашовка қишлоғидаги болалар боғчасини бомбардимон қилгани тўғрисида хабарлар тарқалди.
Луганск сепаратчилари Новая Кондрашовка қишлоғи ва болалар боғчаси ўз назоратидаги ҳудуд эканини иддао қилган. Аслида Луганская станицаси таркибига кирувчи Новая Кондрашовка қишлоғи россияпараст исёнчилар эмас, Украина ҳукумати тасарруфидаги ҳудуддир.
Украина расмийлари эса Новая Кондрашовка қишлоғидаги болалар боғчасини “Россия босқинчи кучлари” бомбардимон қилгани тўғрисида баёнот берди. Бомбардимон натижасида катта ёшдаги икки киши жароҳатланган. Болаларга зиён етгани тўғрисида маълумот йўқ.
17 февраль куни эрталаб сепаратчилар Украина қўшинлари гўёки Донбасс ҳудудига ўқ отаётгани ҳақида хабар бера бошлади. Украина ҳукумати эса 17 февралга ўтар кечасидан бошлаб россияпарастлар оташкесим битимини бузиб, камида 29 марта ўқ отганини, бунинг натижасида 1 нафар украин аскари ва икки нафар фуқаро ҳалок бўлганини билдирди.