Беларуснинг авторитар раҳбари Александр Лукашенко 16 сентябрь куни “экстремистик йўналишдаги” жиноятлар учун жазо муддатини ўтаётган 37 нафар маҳкумни афв қилиш тўғрисидаги фармонни имзолаган. Озодликнинг беларус хизмати хабарига кўра, афв қилинганларнинг олти нафари аёл, шунингдек, улар орасида пенсия ёшидаги ҳамда жиддий хасталикларга чалинган одамлар бор.
Александр Лукашенко матбуот хизмати сиёсий маҳбусларнинг озод этилишини “давлат томонидан кўрсатилган инсонпарварликнинг яна бир ишораси” деб атаган. Хабарномада афв қилинганларнинг барчаси “қилмишига пушаймон бўлиб, қонунларга риоя қилиб яшашни ваъда қилишган”и таъкидланган. Иддаога кўра, афв 17 сентябрь куни нишонланадиган Миллий бирдамлик куни муносабати билан эълон қилинган.
Бу сиёсий маҳбусларни афв қилиш бўйича июль ойидан буён Лукашенко томонидан имзоланган фармонларнинг тўртинчисидир. Июль ойи бошида 18 нафар мухолифатчи, август ойида 2020 йилдаги оммавий норозиликларда иштирок этгани ва “норозилик билан боғлиқ бошқа жиноятлар” содир этгани учун жазо муддатини ўтаётган 30 нафар маҳкум озод қилинган. Яна 30 киши сентябрь ойида афв қилинган. Уларнинг исмлари расман очиқланган эмас, Озодликнинг беларус хизмати улардан айримларини келтирган. Озод бўлганлар орасида таниқли мухолифатчилар ёки фаоллар қарийб бўлган эмас.
2020 йил августидаги сайловдан кейин Беларусь Марказий сайлов комиссияси Александр Лукашенко кетма-кетига олтинчи марта президентликка қайта сайланганини эълон қилган эди. Ўшанда мухолифат сайловда ўз номзоди Светлана Тихановская ғалаба қозонганини таъкидлаб, сайлов натижаларидан норозилик билдирган. Бутун мамлакат бўйлаб сайловдаги сохталаштиришларга қарши ва демократияни дастаклаш мақсадида оммавий норозилик намойишлари бошланган. Бу чиқишлар хавфсизлик кучлари томонидан шафқатсизларча бостирилган.
Ҳуқуқ фаолларига кўра, намойишларни тарқатиш чоғида камида саккиз киши нобуд бўлган. Расмийлар минглаб жиноят иши очишган. Мухолифат лидерлари дохил юзлаб одам узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
Ҳуқуқбонлар маълумотига мувофиқ, ҳозирда Беларусдаги қамоқхоналарда мингдан зиёд сиёсий маҳбус сақланмоқда. Лукашенко улардан айримларини, хусусан оғир касалларни афа қилиш ҳақида қарор қабул қилинишини билдирган.
Июлдан сентябрга қадар Беларусь қамоқхоналаридан, расмий маълумотларга кўра, жами 115 нафар сиёсий маҳбус озод қилинган.