Россия ва Беларусь президентлари Владимир Путин ва Александр Лукашенко 19 декабрь куни Минскда ўзаро музокара олиб боришди, сўнгра улар қўшма матбуот анжуманида иштирок этишди.
Мазкур матбуот анжуманида Лукашенко ва Путин Россиянинг Украинага босқини туфайли киритилган ғарб санкциялари манзарасида “Россия томонидан Беларуснинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши”га катта эътибор қаратишган.
“Биласиз-ку, биз иккаламиз соагрессорлармиз, бу сайёрадаги энг зараркунанда ва манфур кишилармиз!”деб киноя қилган Лукашенко ҳозирда Россия ва Беларусь халқлари келажаги белгиланаётганини айтиб, “санкция босими шароитида Россия Беларуссиз ишини битира олиши мумкин, бироқ Беларусь Россиясиз иш битиролмайди”, дея қўшимча қилган.
Путин ва Лукашенко газ ва атом энергетикаси, транспорт, юк ташиш ва космик саноат соҳаларидаги алоқаларни бундан буён ҳам мустаҳкамлаш ниятида эканларини билдиришган.
Бу орада АҚШнинг Урушни тадқиқ қилиш институти (ISW) ўзининг галдаги таҳлилида Россия лидери Владимир Путин душанба куни бўлиб ўтган учрашувда яна Александр Лукашенкони Украинадаги урушга қўшилишга кўндиролмагани ҳақида ўз тахминлари билан ўртоқлашган.