Madame Claude ва бошқалар: Туркияда янги йил бошидан буён жиноятчиликда гумонланган 8 нафар ўзбекистонлик қўлга олинди

Иллюстратив сурат

Туркияда 2024 йил бошидан буён халқаро қидирувда бўлган саккиз нафар ўзбекистонлик қўлга олинган. Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси бу шахслар Ўзбекистон ва Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ҳамкорлигида қўлга олинганини маълум қилган.

Қайд этилишича, ўзбекистонлик Т.Х., Ф.Н., Ф.М., Р.М., Н.М., Р.Б., Ш.А. ва Н.Д. уюшган жиноий гуруҳлар, гиёҳванд моддалар контрабандаси, талончилик ва фирибгарлик жиноятларини содир этганликда гумонланмоқда - айни пайтда ҳар бир ҳолат бўйича суриштирув ишлари олиб бориляпти.

Дипломатлар Туркияда ушланган шахслар орасида “Халқаро одам савдоси” жинояти доирасида Чанаққале вилояти ҳудудида қўлга олинган Н.М. ҳам борлигини урғулашган.

Аввалроқ турк нашрлари Чанаққаленинг Айважиқ туманида полициячилар томонидан ўтказилган амалиёт натижасида "жинсий мақсад билан одам савдоси" жинояти бўйича Интерполнинг (Халқаро полиция) қизил бюллетени билан халқаро қидирувда бўлган Madame Claude лақабли ўзбекистонлик Нилуфар Мирхонова қўлга олингани ҳақида хабар қилишган. 40 ёшли бу аёл дунёнинг бир неча мамлакатидаги фоҳишахоналарда хорижлик фоҳишаларни сақлаганликда гумонланаётгани қайд этилган.