Маданий мерос агентлиги "Шарқ нашриёти матбаа корхонаси" биноси қайта қурилиши ва иншоотнинг Ўзбекистон маданий мерос объектлари миллий рўйхатидан чиқарилганига оид маълумотлар юзасидан изоҳ берди.
Агентлик қайдича, ўтган йилнинг 14 октябрида Маданий мерос агентлиги, агентлик қошидаги илмий-экспертлик кенгаши, Давлат активларини бошқариш агентлиги ва "Шарқ нашриёти матбаа корхонаси" АЖ мутахассисларидан тузилган ишчи гуруҳ мажмуага кирувчи объектларни экспертизадан ўтказган.
Мажмуа 1914-1983 йиллар оралиғида қурилган 14 та бино ва иншоотдан иборат. Ишчи гуруҳ хулосасига кўра, бу биноларнинг аксарияти авария ҳолатида бўлиб, тўлиқ реконструкция талаб қилади. Текширув давомида тарихий-маданий қадриятга эга бўлган бинолар ҳам аниқланган.
Айни пайтда Давлат активларини бошқариш агентлигига мажмуани сотишда "ЎзА биноси"нинг ташқи кўринишини сақлаб қолиш ҳамда бундан буёнги қурилиш, таъмир ва реконструкция ишларини Маданий мерос агентлиги билан келишилган ҳолда олиб бориш топширилган.
Хабарномада Маданий мерос агентлиги Тошкентдаги модернизм объектларини (ЎзА биноси дохил) ЮНЕСКОнинг жаҳон мероси дастлабки рўйхатига қўшиш учун ариза ҳозирлаб қўйгани айтилган.
Аввалроқ Давлат активларини бошқариш агентлиги Тошкентнинг Буюк Турон кўчасидаги 41 ва 42-уй манзилларда жойлашган бино ва иншоотлар ("Шарқ нашриёти матбаа корхонаси" АЖ бинолари ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг маъмурий биноси) ягона мулкий мажмуа сифатида савдога чиқарилиши ҳақида маълумот тарқатган.
Мазкур биноларнинг сотувга қўйилиши жамоатчилик орасида қатор савол ва норозиликларни келтириб чиқарган. Хусусан, архитектура тарихчиси Борис Чухович Газета.uz учун ёзган мақоласида Тошкент рамзларидан бири бўлган "Шарқ" нашриёти биноси аввалги кўринишда сақлаб қолиш нима учун зарурлигини исботлашга ҳаракат қилган.