Ўзбекистон президенти фармони билан Озодбек Назарбеков маданият вазири лавозимига тасдиқланган. Бу ҳақда 27 июль куни президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Асадов аввалроқ Назарбековнинг номзоди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан маъқулланганини қўшимча қилган.
2020 йили маданият вазири лавозимини эгаллаган Озодбек Назарбеков ўтган йил декабрида Маданият ва туризм вазирлигига раҳбар этиб тайинланган эди. Ярим йилдан кўпроқ вақт ўтгач, у яна маданият вазирига айланди.
Туризм йўналиши эса Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги вазирлиги таркибига киритилган. Вазирлик ҳузуридаги Туризм қўмитасига эса, президент матбуот хизматига кўра, Умид Шадиев раис этиб тайинланган.
Маълумотларга кўра, Шадиев янги лавозимга тайинлангунига қадар қарийб олти йил давомида Ўзбекистон ЮНЕСКОдаги доимий вакили вазифасида ишлаб келган.