Маданият вазирлигига бир ой ичида “Туркистон” саройига кўчиш топширилди

Тошкентдаги “Туркистон” санъат саройи

Ўзбекистон президенти Маданият вазирлиги раҳбарияти зиммасига бир ой ичида вазирликни “Туркистон” санъат саройига кўчириш вазифасини юклади.

Бунга оид топшириқни Шавкат Мирзиёев, Газета.уз нашри хабарига кўра, ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан 13 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилиши чоғида берган.

Йиғилиш чоғида президент Ш. Мирзиёев маданият вазири О. Назарбековга маданият муассасаси ҳозирда қарийб фойдаланилмаётган бинода жойлашиши кераклигини айтган.

Президент вазирга “Туркистон” саройидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳамда бинодан тадбирлар ва ижодий кечалар ўтказишда фаол истеъфода этиш ҳақида топшириқ берган.

Пойтахтдаги "Туркистон" санъат саройи 1993 йилда фойдаланишга топширилган.

Маданият вазирлиги айни пайтда Тошкентнинг Шевченко кўчасидаги тарихий бинода жойлашган. 1898 йилда қурилган бу бинодан вазирлик 2017 йилдан бери фойдаланиб келаётган эди.