Нидерландиянинг Вейк-ан-Зи шаҳрида ўтказилаётган Tata Steel Chess 2023 супертурнирининг бешинчи босқичида ўзбекистонлик шахматчи Нодирбек Абдусатторов классик шахмат бўйича амалдаги жаҳон чемпиони Магнус Карлсен устидан ғалабага эришди.
5-тур якунига кўра, 18 ёшли Нодирбек 4 очко жамғариб, турнирнинг якка пешқадамига айланган. 32 ёшли Карлсен ҳисобида эса 2 очко мавжуд.
Соҳа экспертлари ўзбекистонлик шахматчи (FIDE рейтинги – 2713) ва норвегиялик чемпион (2859) баҳсида Абдусатторов қора доналар билан ўйнаганига қарамай, ўзини яхшироқ кўрсатганини таъкидлашмоқда.
Маҳаллий блогерлар эса Нодирбек 2800+ энг юқори рейтингдаги шахматчини қора доналарда ютган илк шахматчи ўлароқ тарихга киргани ҳақида ёзишди.
Мазкур ғалабадан кейин Ўзбекистон вакили халқаро рейтингда 18-ўринга кўтарилиб, дунёнинг энг яхши 20 шахматчиси қаторига кирди.
Олтинчи турда у ҳиндистонлик гроссмейстер Рамешбабу Прагнанандха (2684) билан ўйнайди.
Нодирбек Абдусатторов шахмат тарихидаги энг ёш гроссмейстерлар сирасига киради. У 2021 йилнинг декабрида Польшада тезкор йўналишдаги жаҳон биринчилигида чемпионликни қўлга киритган.