Андижон вилояти Марҳамат тумани, Юқори Равот маҳалла фуқаролар йиғинида (МФЙ) эксперимент сифатида муқобил номзодлар иштирокида шаффоф сайлов ўтказилди.
Узоқ йиллар Давлат Божхона қўмитасига раислик қилган, шу кунда маҳалла оқсоқоллари сайловини мувофиқлаштираётган Ботир Парпиев, Озодлик билан суҳбатда, бу сайловга "очиқ ва шаффоф ўтди", деб баҳо берди.
Марҳаматда эксперимент
Марҳамат туман ҳокимлиги вакилига кўра, 2 май куни тўртта маҳалла оқсоқоли янги услубда сайланган.
Сайлов комиссияси раиси Турсунали Мамажоновнинг айтишича, бу сайлов 2018 йилнинг октябрида президент имзолаган "Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида"ги қонунга биноан ўтказилган.
Сайлов жараëни акс этган суратларни Озодликка тақдим қилган марҳаматлик сайловчининг айтишича, "бундай эркин сайлов" биринчи марта ўтмоқда:
- Юқори Равот МФЙда эксперимент сифатида биринчи марта маҳалла раиси сайлови бўлиб ўтди. 157та сайловчидан 144таси сайловда иштирок этди. Сайлов биринчи бор тарихда ўта шаффоф тарзда ўтказилди. Натижада биз икки номзоддан энг маъқулини танлаш ҳуқуқидан тўлиқ фойдаландик ва янги маҳалла раисини сайладик. Бундай эркин сайлов Шавкат Мирзиëев олиб бораётган сайлов борасидаги сиëсатининг демократик руҳда ўтганини исботи десак муболаға бўлмайди, - деди ўзини Солижон деб таништирган сайловчи.
Мирзиёев топшириғи
Президент Шавкат Мирзиëев январь кунги селектор йиғинида "энди бундан буëн сайлов эркин бўлади, кўникинглар», дея таъкидлаган эди.
Озодликнинг ўрганишича, Тошкент шаҳри ва республиканинг бошқа туманларида ҳам "нисбатан эркин" ўтган сайловда маҳалла оқсоқоллари сайланган.
Айни пайтда Озодлик билан суҳбатлашган Урганч шаҳридаги сайловчилар эса МФЙ раиси сайлови эски усулда ўтаëтганидан нолиди.
Урганчнинг Марифатчилар кўчасида яшайдиган сайловчи иддаосига кўра, бу сайлов "олдиндан тайëрланган ва ҳокимият мақуллаган номзод" сайланадиган спектакл, холос.
Урганч шаҳар ҳокимлиги ташкилий бўлими мулозими сайловчилар шикояти борасидаги Озодлик мухбири саволига жавоб бера олмади.
"Демократик сайлов"
2018 йилнинг октябрида “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди.
Қонунда МФЙ (оқсоқоли) уч йил муддатга сайланиши, яширин овоз бериш ва муқобил номзодлар бўлиши талаб қилинади.
Шунингдек сайловчилар квотасига ҳам эътибор қаратилган.
Янги қонунга кўра, сайловда сайловчиларнинг камида 12 фоизи иштирок этган тақдирдагина сайлов ўтган, деб ҳисобланади.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши раисининг кексалар ва фахрий масалалари бўйича ўринбосари Ботир Парпиевнинг 2 май куни Озодликка айтишича, сайлов очиқ ва шаффоф ўтмоқда.
Дарвоқе, бугун маҳаллий сайловларни мувофиқлаштираётган Ботир Парпиев муқаддам Давлат Божхона қўмитасига узоқ муддат давомида раислик қилган.