Маҳаллабай ишлаш учун алоҳида агентлик тузилади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистонда бош вазир қабулхоналари ва Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги негизида Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳамда туман (шаҳар)ларда Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш марказлари ташкил этилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастури ижросини самарали ташкил этиш, ипотека кредитлашни кенгайтириш ва қурилиш материаллари саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича 2 декабрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида билдирган.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадов қайдича, йиғилишда Ш. Мирзиёев ҳар бир маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, бандликни таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси фаолиятини ташкил этиш масалалари юзасидан тўхталган.

Унга кўра, кейинги йилнинг 1 январидан барча маҳаллаларда ҳоким ёрдамчилари ўз фаолиятини бошлайди. Уларнинг ишини самарали ташкил этиш мақсадида бир йил давомида доимий фаолият юритадиган “Маҳаллабай ишлаш штаби” тузилиши, ҳар бир туман ва шаҳарга вазирлик, марказий идоралар ва банклардан 1-3 нафардан масъул ходим бириктирилиши кўзда тутилган. Бу ходимлар 1 йилга туманга хизмат сафарига юборилади ва иш жойи, ойлик иш ҳақи сақлаб қолинади.

Президент ўз сўзида ўзини яхши кўрсатган ҳоким ёрдамчилари ва республика вакиллари мукофотланиши, йил натижалари бўйича “Янги Ўзбекистон ислоҳотчиси” кўкрак нишонига тавсия қилиниши, уларга ипотека асосида квартира олишда 50 фоизгача субсидия ажратилишини қўшимча қилган ҳамда "ушбу тизимни самарали йўлга қўйишга барча ҳудуд ва сектор раҳбарлари масъул” эканини урғулаган.