Маккада жазирама туфайли вафот этганлар сони 900 дан ошди

Арафот тоғида турган зиёратчилар (архив сурати)

Саудиянинг Маккаи Мукаррама шаҳрида Ҳаж ибодатини адо этиш чоғида вафот этган зиёратчилар сони, сўнгги маълумотларга кўра, 922 нафарга етди. Бу ҳақда France-Presse агентлиги (AFP) хабар қилди.

Ўлим сони ортганига соя жойларда ҳаво ҳароратининг +50 даражадан ошиб кетгани сабаб бўлган.

Ҳаж фарзларидан бўлган Арафот тоғида туриш ва Каъбатуллоҳ тавофи каби қатор амаллар зиёратчилар томонидан очиқ осмон остида бошяланг ҳолда (эркаклар) адо этилгани учун ёши улуғ кишилар ва соғлиғи унча яхши бўлмаганлар жазирама синовига дош беролмаяпти. Натижада офтоб урган минглаб одам касалхонага олиб кетилган.

Саудия Арабистони Соғлиқни сақлаш вазирлиги зиёратчиларга қуёшдан сақланиш, кўп сув ичиш ва ҳарорат энг юқори бўлган пайтларда имкон қадар ёпиқ жойларда қолишни тавсия қилган.

Араб дипломати AFP агентлигига биргина мисрлик зиёратчилар орасида вафот этганлар сони камида 600 нафарга етганини маълум қилган. Жазирама қурбонларига айланганлар орасида Тунис, Урдун, Эрон, Сенегал, Индонезия ва бошқа мамлакатлар фуқаролари борлиги айтилмоқда.

Маълумотларга кўра, бу йилги мавсумда Маккага бутун дунёдан 1 миллион 800 мингдан зиёд зиёратчи борган. Ўтган йили июнь ойи охирларига тўғри келган Ҳаж зиёрати чоғида жазирама ва ташналик туфайли камида 240 та ўлим ҳолати қайд этилган эди.

Минтақадаги тадқиқотлар ҳатто Саудия учун аномал бўлган иссиқ ҳарорат глобал иқлим ўзгариши билан боғлиқлигини кўрсатмоқда. Таҳлилчиларга кўра, Макка тарафларда ўртача ҳарорат ҳар ўн йилда мунтазам равишда 0,4 даражага ошиб бормоқда.