Франция президенти Эммануэль Макрон мамлакат бош вазири Габриэль Атталнинг истеъфосини қабул қилгани йўқ.
Макрон Атталдан парламент сайловидан кейин “мамлакатда барқарорликни таъминлаш” учун ва июль ойи охирида очилажак Олимпиада олдидан ўз лавозимида вақтинча қолишни сўраган.
Парламент сайловининг 7 июль куни бўлиб ўтган иккинчи босқичи якунига кўра, Макрон тарафдорларидан иборат “Республика учун биргаликда” коалицияси (бу коалиция ядросини Макрон ва Атталь партияси бўлиб ҳисобланади) 168 та ўрин олиб, иккинчи ўринни эгаллаган.
Биринчи ўринни 182 та ўринни эгаллаган “Янги халқ жабҳаси” деб номланган сўл партиялар коалицияси эгаллаган. Учинчи ўрин 143 та ўрин билан ўта ўнгчи “Миллий бирлашув” коалициясига насиб этган. Мазкур ҳолат, Associated Press агентлигининг ёзишича, “ҳукуматни шакллантириш учун йўл” қолдирмаган.
Аввалроқ Атталь истеъфога кетиш ниятини эълон қила туриб, Парижда бўлиб ўтиши ва миллионлар томошабин келиши кутилаётган Олимпиадани эътиборга олган ҳолда, қанча керак бўлса, шунча вақт бош вазир бўлиб туришга тайёрлигини қайд этган эди. Атталь Франция бош вазири лавозимига 2024 йил январида тайинланган эди.
Франциядаги муддатидан илгари парламент сайловиўз ўнгчиларнинг мамлакатда жорий йилнинг июн ойи бошида ўтказилган Европарламент сайловидаги муваффақияти ортидан белгиланган эди.