Самарқандда 2 ноябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Франция президенти Эммануэль Макроннинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди.
Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг билдиришича, музокара чоғида “етакчилар Франция билан Ўзбекистон ўртасидаги кенг қамровли ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини атрофлича муҳокама қилдилар ҳамда икки томонлама муносабатларни стратегик шериклик даражасига кўтаришга келишиб олдилар”.
Учрашув аввалида Мирзиёев Франция президентининг Ўзбекистонга охирги 30 йилдаги илк ташрифи тарихий аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлаган.
Қайд этилишича, Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги жорий ва истиқболли лойиҳалар портфели 10 миллиард евродан ошди.
“Франция тараққиёт агентлиги билан 1 миллиард евролик Стратегик ҳамкорлик дастури амалга оширилмоқда”, дейилади хабарда.
Музокарада “Яшил” энергетика, хомашё ресурсларини қазиб олиш ва қайта ишлаш, инновацион қишлоқ хўжалиги, сув таъминоти, логистика, инфратузилмани ривожлантириш, туризм ва бошқа соҳаларда янги йирик лойиҳаларни илгари суриш чора-тадбирлари муҳокама қилинган.
Франция Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда ишончни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини, ЖСТга аъзо бўлишини ҳамда Евроиттифоқ билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим тез фурсатда имзоланишини бундан буён ҳам қўллаб-қувватлашга тайёр экани таъкидланди.
Тошкент шаҳрида Ўзбекистон-Франция олий таълим муассасасини очишни тезлаштириш ҳамда француз тили ўқитувчиларини тайёрлаш борасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олинди.
Макрон 1 ноябрь куни Остонада Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан учрашди. Қозоқ президенти матбуот хизматининг билдиришича, томонлар яшил иқтисодиётга ўтиш ва иқлим ўзгариши масалаларини ҳам муҳокама қилди. Шунингдек, Қозоғистонда француз мактабларини очиш бўйича келишувга эришилди.
Макрон учрашувдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида “Қозоғистон ва Франция корхоналарининг савдо ва энергетика соҳасидаги узоқ муддатли ҳамкорлиги” ва “аэрокосмик саноат” йўналишлари музокараларнинг асосий мавзуси бўлганини айтди.
Иқтисодий соҳага ихтисослашган Bloomberg агентлиги Франция президентининг 1 ноябрда Қозоғистонга ва 2 ноябрда Ўзбекистонга қиладиган сафарини шарҳлар экан: “Макрон Путиннинг томорқасига янги дўстлар ва уран излаб бормоқда”, деган хулосага келган.
Хабарда таъкидланишича, Париж табиий захираларга бой Қозоғистон билан тиғизроқ ҳамкорликни истайди ва айни пайтда Марказий Осиёни Путин таъсиридан чалғитишга уринади.
“Шунинг учун ҳам Эммануэль Макрон шу ҳафтада энергетика захираларига бой Ўрта Осиёга йўл олади, уран билан мамлакат ядровий реакторларини таъминлайдиган Қозоғистон ва Ўзбекистонда бўлади”, дейилади хабарда.
Агентликнинг Франция президенти нуқтаи назари билан таниш бўлган икки манбага таяниб ёзишича, сафардан асосий мақсад Франция энергетик хавфсизлигини кучайтиришдир.
Бу икки давлат билан ҳамкорликдан кутилаётган натижа эса Европанинг Россия энергетика ресурсларидан қарамликни озайтириш сиёсатига мос келади.
Франция Иқтисодиёт вазирлигининг билдиришича, ўтган йили Қозоғистон Францияга уран етказиб берувчи йирик давлатга айланган. Бундан ташқари Қозоғистон Францияга нефть етказувчи давлатлар рўйхатида иккинчи ўринни эгаллаган. 2021 йилда Қозоғистон Францияга нефть етказиб берувчи давлатлар рўйхатининг биринчи поғонасида эди.
Шу билан бир қаторда Ўзбекистон ҳам Франциянинг уран бўйича асосий таъминотчиси ҳисобланади.
Москвада нашр этиладиган "Коммерсантъ" нашри 2022 йилда Ўзбекистон Европага уран экспортини деярли уч баробарга оширгани ва 441 тонна уран сотгани ҳақида хабар берган эди.