Франция президенти Эммануэль Макрон 11 сентябрь куни бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотда Россия президенти Владимир Путинни ўз қўшинлари ва ҳарбий техникасини Запорожье атом электр станцияси ҳудудидан олиб чиқиб кетишга чақирди.
Россия қўшинлари Запорожье АЭСини 2022 йил мартида эгаллаб олган. Россиялик ҳарбийлар АЭСдан Украинадаги объектларни нишонга олиш учун фойдаланган, бунинг ортидан Ғарбдаги айрим мамлакатлар Москвани ядровий шантажда айблаб чиқишган.
Кремль маълумотига кўра, мулоқот чоғида Путин АЭСдаги вазият бўйича айбни Украина зиммасига юклашга уринган. Россия президентига кўра, Украина станцияни муттасил равишда ўққа тутмоқда.
Бироқ Макрон Путинга ядровий хатарнинг асосий манбаси Россия қўшинларининг Запорожье АЭСида юргани эканини таъкидлаган ҳамда россиялик ҳамкасбини ўз ҳарбийлари ва техникасини станция ҳудудидан олиб чиқиб кетишга чақирган. Ўз сўзида Макрон Путинни Украина ғалласи экспорти бўйича БМТ ва Туркия воситачилигида июль ойида Москва билан Киев ўртасида тузилган шартномага риоя қилишга ҳам чақирган.