Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик ташкилоти (IPHR) Франция президентини Қозоғистон ва Ўзбекистонга сафари доирасида ўтадиган музокараларда инсон ҳуқуқлари масаласини кўтаришга чақирди.
Бош қароргоҳи Брюсселда жойлашган IPHR 31 октябрда тарқатган баёнотда Қозоғистондаги Январь воқеаларида ҳуқуқ бузган орган ходимлари жазоланмай қолгани, Нукус воқеаларидан сўнг фаоллар, журналистлар, блогерлар қувғинга олингани ва фундаментал ҳуқуқлар бузилаётгани тўғрисида сўз боради. Ташкилот фикрича, бу “қозоқ ва ўзбек ҳукуматларининг сиёсий ислоҳотлар тўғрисидаги риторикасига” зид келади.
Макрон 1 ноябрда Остонада музокаралар ўтказади ва Ўзбекистонга келади. Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг билдиришича, 2 ноябрда Макрон ва Мирзиёев ўртасидаги музокаралар Самарқандда бўлиб ўтади.
Расман билдирилишича, музокараларда “савдо-иқтисодиёт, инновация, инвестиция ва маданий-гуманитар соҳаларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари эътибор марказида бўлади. Ўзбекистон ва Франция раҳбарлари икки мамлакатнинг етакчи компаниялари ва банк-молия институтлари иштирокидаги қўшма бизнес форуми ишида ҳам иштирок этадилар.Саммит якунида бир қатор ҳукуматлараро ва идоралараро битимлар ҳамда савдо-инвестициявий келишувлар тўпламини қабул қилиш кўзда тутилган”.
Иқтисодий соҳага ихтисослашган Bloomberg агентлиги Франция президентининг 1 ноябрда Қозоғистонга ва 2 ноябрда Ўзбекистонга қиладиган сафарини шарҳлар экан: “Макрон Путиннинг томорқасига янги дўстлар ва уран излаб бормоқда”, деган хулосага келган.
Хабарда таъкидланишича, Париж табиий захираларга бой Қозоғистон билан тиғизроқ ҳамкорликни истайди ва айни пайтда Марказий Осиёни Путин таъсиридан чалғитишга уринади.
“Шунинг учун ҳам Эммануэль Макрон шу ҳафтада энергетика захираларига бой Ўрта Осиёга йўл олади, уран билан мамлакат ядровий реакторларини таъминлайдиган Қозоғистон ва Ўзбекистонда бўлади”, дейилади хабарда.
Агентликнинг Франция президенти нуқтаи назари билан таниш бўлган икки манбага таяниб ёзишича, сафардан асосий мақсад Франция энергетик хавфсизлигини кучайтиришдир.
Бу икки давлат билан ҳамкорликдан кутилаётган натижа эса Европанинг Россия энергетика ресурсларидан қарамликни озайтириш сиёсатига мос келади.
Франция Иқтисодиёт вазирлигининг билдиришича, ўтган йили Қозоғистон Францияга уран етказиб берувчи йирик давлатга айланган. Бундан ташқари Қозоғистон Францияга нефть етказувчи давлатлар рўйхатида иккинчи ўринни эгаллаган. 2021 йилда Қозоғистон Францияга нефть етказиб берувчи давлатлар рўйхатининг биринчи поғонасида эди.
Шу билан бир қаторда Ўзбекистон ҳам Франциянинг уран бўйича асосий таъминотчиси ҳисобланади.
Москвада нашр этиладиган "Коммерсантъ" нашри 2022 йилда Ўзбекистон Европага уран экспортини деярли уч баробарга оширгани ва 441 тонна уран сотгани ҳақида хабар берган эди.