Сўнгги пайтларда баёнотлари Киевда норозилик уйғотаётган Франция президенти Эммануэль Макрон 15 июнь куни яна Украина президенти ва ушбу мамлакатнинг бошқа вакиллари “қачондир” Россия билан сулҳ музокаралари олиб боришига тўғри келиши ҳақида гапирди.
Макрон бу сўзларни Руминиядаги француз ҳарбийлари ҳузуридаги чиқишида айтган. Франция контингенти у ерга Россия таҳдидига қарши НАТОнинг шарқий қанотини кучайтириш мақсадида жойлаштирилган.
“Биз – европаликлар ҳам музокара столи атрофида бўламиз”, деган Макрон ЕИ мамлакатлари босқинни қайтаришда Украинага кўмаклашаётганини урғулар экан.
Аввалроқ Макроннинг “Россияни хўрламаслик керак” деган мазмундаги баёнотлари нафақат Украина, балки ЕИ мамлакатларида ҳам кескин танқидга учраган. Франция президенти сўнгги чиқишида Россия Европа минтақасининг бир бўлаги эканини айтиб, олдинги фикрини такрорлаган.
Макрон мазкур сафари чоғида Молдовага ҳам боради. Аввалроқ қатор ОАВлар у Германия канцлери Олаф Шольц ҳамда Италия бош вазири Марио Драги билан бирга Киевга ташриф буюриши ҳақида ёзган эди. Макрон бу хабарларни тасдиқламаган, аммо инкор ҳам этмаган. Ташриф хусусида ҳануз расман эълон қилинган эмас.
Сўнгги кунларда ЕИда Украинага Евроиттифоққа аъзо бўлишга номзод мақомини бериш ҳамда Россияга қарши курашда Украинани дастаклашни давом эттириш масалаларида мунозаралар бўлмоқда. Украина ҳукумати вакиллари Германия ва Франция Украина манфаатлари ҳисобига Россия билан тил топишишни хоҳлаётганини айтиб, Макрон ва Шольц ҳукуматини танқид қилаётир. Киев Россия ўз қўшинларини энг камида 24 февралдаги позицияларига қайтармагунича у билан музокарага киришмаслигини уқтириб келади.