Малайзия бош вазири уч кунлик ташриф билан Ўзбекистонда бўлади

Малайзиялик сиёсатчи Анвар Иброҳим узоқ йиллар давомида мухолифат лидерлардан бири бўлиб ҳисобланган (архив сурати)

Малайзия бош вазири Анвар Иброҳим 17-19 май кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонга келади. Бу ҳақда маълумот тарқатган президент матбуот хизмати Анвар Иброҳим Тошкентга Шавкат Мирзиёев таклифига биноан келаётганини қайд этган.

“Ташрифнинг биринчи кунида Тошкент шаҳрида олий даражадаги тадбирлар ва музокаралар ўтказилиши режалаштирилган”, дейилган хабарномада.

Саммит кун тартибидан тизимли сиёсий мулоқотни ривожлантириш ва маданий-гуманитар алмашинувни кенгайтириш, савдо, инновациялар, энергетика, нефть-кимё, саноат, электротехника ва электроника, қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида аниқ кооперация дастурлари ва лойиҳаларини илгари суриш масалалари ўрин олган.

Анвар Иброҳимнинг Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига ҳам бориши, шунингдек, қўшма бизнес форумида иштирок этиши кутилмоқда.