Мали ҳукумати террорчиларга қарши курашда ҳамкорлик қилишни сўраб Россиянинг хусусий ҳарбий ширкатига (ХҲШ) мурожаат қилган. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Нью-Йоркда БМТ Бош ассамблеясида маълум қилди.
Мали бош вазири Шогел Кокалла Майга БМТ анжуманидаги чиқишида Франция Африканинг бу давлатидаги ҳарбий контингенти сонини қисқартириши ва “Бархан” амалиёти тугаганини эълон қилиши ортидан юзага келган бўшлиқ туфайли ХҲШ билан ҳамкорлик олиб борилаётганини таъкидлаган.
Аввалроқ қатор ОАВларда Мали ҳукумати армияга таълим бериш ва юқори мартабали шахсларни қўриқлаш учун “Вагнер ХҲШ” билан битим имзолашга ҳозирлик кўраётгани хабар қилинган. Ўшанда Бамако (Мали пойтахти – таҳр.) расмийлари Россия томони билан музокара қилинаётганини, аммо ҳеч бир келишувга эришилмаганини билдирган. Москва эса Мали ҳукумати билан ХҲШ ўртасидаги алоқаларнинг ўзига дахли йўқлигини айтган.
Шундан сўнг Франция ва Германия ҳукуматлари Малидан ўз ҳарбийларини олиб чиқиб кетиш билан таҳдид қилган. Ушбу позицияни Европанинг 13 мамлакати мудофаа вазирлари қўллаб-қувватлаган. Европа Иттифоқи эса, Россия ХҲШ билан битим имзолаган тақдирда, Мали билан муносабатларини узишини маълум қилган.
Франция ўзининг Малидаги ҳарбийлари сонини беш минг нафардан бир неча юз кишига камайтиришга қарор қилган, аммо қўшинни олиб чиқиб кетишни бошлаганича йўқ. AFP хабарига кўра, Париж “Вагнер ХҲШ” билан битим Франциянинг Малидаги аксилтеррор амалиётини барбод қилиши мумкинлигидан хавфсирамоқда.
“Вагнер хусусий ҳарбий ширкати” – Россиянинг норасмий ҳарбий бўлинмаси бўлиб, ҳарбий идоралар балансида ва юридик шахслар реестрида турмайди, бироқ унинг жангчилари, суриштирувларга кўра, Сурия ва Ливиядаги амалиётларда, шунингдек Украина шарқидаги урушда иштирок этган. ХҲШ Африкадаги бир неча мамлакатда, хусусан Марказий Африка Республикасида фаолият олиб боради.
“Вагнер ХҲШ” Россия президентига яқин тадбиркор Евгений Пригожинга алоқадор экани айтилади. Москва ушбу ХҲШ билан алоқаси борлигини инкор этиб келади. Россия қонунчилиги мамлакат фуқароларига ёлланма аскар сифатида чет элдаги қуролли тўқнашувларда иштирок этишни тақиқлайди.