Ўзбекистонда иқтисодчи ходимлар ўз жойидан ишдан бўшатилиб, мажбурий равишда “ҳоким ёрдамчиси” лавозимига ўтказиляпти. Бу ҳақда маълум қилган Озодлик манбасига кўра, “ҳоким ёрдамчиси” лавозимига тайинланишда ҳеч кимдан розилик сўралаётгани йўқ, бунга қарши чиққанлар эса “президент сиёсатига қаршимисан?” дея қўрқитилмоқда.
“Энг ёмони банкирларга бўлди, ойликлари 10-15 миллион сўм эди. Ҳозир 5 миллионга қайсидир чекка маҳаллага жўнатяпти”, деган манба янги ишга тайинланган ходимлар иш жойига оиласи билан кўчиб бориши учун ҳеч қанақа шароит яратилмагани, янги “ҳоким ёрдамчилари” у ёққа ёлғиз кўчиб боришга мажбур бўлаётганларини қўшимча қилган.
Мамлакат бўйлаб иқтисодчилар “ҳоким ёрдамчиси” лавозимига мажбуран қўйилаётгани масаласини журналист Шуҳрат Шокиржонов ҳам ўз Телеграм-канали орқали атрофлича ёрита бошлаган. Мазкур муаммога айрим маҳаллий нашрлар ҳам эътибор қаратишган.