Сирдарё вилоятининг Ховос шаҳарчасида Халқ банки филиали биносини қурган ўнлаб ишчилар апрель ойидан буён маош олмагани ҳақида Озодликка шикоят қилди. Ишчиларнинг айтишларича, фирма раҳбари улардан қочиб юрибди, телефон қўнғироқларига эса жавоб бермаяпти. Қурувчи фирма раҳбари Озодлик билан суҳбатда ишчиларга маош берилмаганини тан олди ва бу муаммо декабрь ойида ҳал бўлишига ваъда берди.
Халқ банкининг Ховос шаҳарчасидаги филиалини қуришда иштирок этган ишчиларнинг Озодликка ёзган шикоятида айтилишича, улар тўққиз ойдан буён маошсиз қолмоқда:
“Халқ банки биноси қурилишини фирмаси зиммасига олган. Биз, маҳаллий ва Ўзбекистоннинг турли вилоятидан келган қурувчилар, баҳордан буён маошимизни ололганимиз йўқ. Фирма раҳбари Маҳмуд деган одам номига оз-моз пул бериб турди. Ишни битирганимиздан сўнг эса қочиб юрибди. Уни бир амаллаб, топиб учрашган пайтимизда ҳар сафар келаси ойнинг биринчисида оласизлар, дейди. Шундай қилиб орадан 9 ой ўтиб кетди”, деб ёзилади шикоятда.
Озодлик билан микрофонсиз суҳбатлашган ишчилардан бирининг айтишича, фирманинг ишчилардан умумий қарздорлиги 50 миллион сўмдан ошиб кетган:
“Битта мени бригадамда 6 киши ишлаган. Сваршик, плита ётқизувчи, маляр ва бошқалар. Банкнинг ҳамма хоналарига, жумладан сейф турадиган хонасига биз мармар ётқизганмиз. Қўқондан, Сурхондарёдан йигитлар келиб ишлаб кетган эди. Улар ҳам ойликни кутиб-кутиб ахийри кетиб юборишди. Мана, Ҳасан, Шерали, Санжар, Илёс, Рустам, Игорь, Маҳмуд, Ойбек, ака-ука Фурқат, шуҳрат, Маҳфуза, Манзура,.. бу менинг ёдимда қолган ишчилар. Яна ўнлаб бошқа одамлар ҳам бор. Шунча одамни Маҳмуд алдаб юрибди”, дейди ишчилардан бири.
Банк биноси қурилиши прораби Анвар Маҳкамов ҳам Озодлик билан суҳбатда ишчилар ойлаб маошсиз қолганини тасдиқлади:
- Ҳамма йигитлар менинг қўлимда ишлаган. Ҳеч ким маошларини ололмаяпти. Озгина бергану, лекин асосий қисми турибди. Масалан, менинг ҳам беш ойлик маошим турибди. Сўрасак, банкдаги ҳисоб рақамимни арестоват қилган, очилса бераман дейди. Прокуратурага ҳам арз қилгандик, уларга ҳам шундай деяпти, деди прораб Анвар Маҳкамов.
“Маҳмуд – Достон” қурилиш фирмаси раҳбари Маҳмуд Отабобоевни Озодлик қидириб топди. Фирма раҳбари Озодлик билан суҳбатда, ишчиларга маош берилмаётганини тан олди ва бу муаммонинг сабабларини қуидагича изоҳлади:
-Тўғри, тўғри. Ярим ойликларини беролганим йўқ. Сабаби, менга бир иккитаси инкасса қўйган эди. Ўшаларни қарзини бергунча шунақа бўлиб қолди. Худо хоҳласа, бу муаммо ҳал бўляпти. Узоғи билан декабрь ойининг 20-25ига маошларини тўлиқ бераман. Мабодо беролмасам, учта вагоним бор, ўшаларни сотиб бўлса ҳам бераман. Кейинги йилга қолдирмайман, деди Маҳмуд Отабобоев.
Охирги йилларда Озодликка Ўзбекистонда пенсия, стипендия ва мошларнинг ўз вақтида бериламаётгани тўғрисида мунтазам шикоятлар келмоқда.
Мамлакатда нақд пулнинг тақчиллашиб бораëтгани оқибатида маош¸ нафақа ва пенсияларнинг олти ойлаб берилмаëтгани кузатилмоқда.