Марғилон шаҳридаги “Хўжа Порсо” масжидининг тарихий биноси бузилганлиги ҳолати юзасидан Фарғона вилояти маданий мерос бошқармаси мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълумот тарқатди.
Мулозимга кўра, мазкур ҳолат бўйича жиноят иши мамлакат Жиноят кодексининг 132- (Моддий маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказиш) ва 205- (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) моддалари билан очилган.
Аввалроқ маҳаллий нашрлар Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган Хўжа Порсо жоме масжиди бузилиб, қайта қурилаётгани ҳақида хабар қилишган.
Вилоят расмийлари қурилганига камида 100 йил бўлган масжидни қайта қуришга бино деворлари ёрилиб, пойдеворининг чўкиб кетгани ҳамда бино томининг ибодат пайтида қулаб тушиш хавфи пайдо бўлганини асос ўлароқ келтиришган.
Фарғона вилояти ҳокимлиги хабарномасида “техник жиҳатдан бинони реставрация ёки реконструкция қилиш имкониятлари йўқлиги сабабли бузиб қайта қуриш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилган”и ҳамда “мазнул идоралар экспертлари хулосаси олинган”и иддао қилинган.
“Эски масжид пештоқидаги ёғоч ўймакорлик нақшлари реставраторлар томонидан доимий амалиёт усулида рақамлар билан белгиланиб кўчириб олинган ҳамда сақлаш учун олиб қўйилган. Янги масжид биносининг айвони айни ўлчамларда барпо этилмоқда, унинг пештоқига эски масжиддан кўчириб олинган нақшлар ўрнатилади”, дейилган ҳокимлик хабарномасида.
Бу хабар ортидан Маданий мерос агентлиги масжид бузилиши юзасидан ўз хулосасини эълон қилган.
“Бинонинг тарихий бош тархи тақдим этилмагани, янги ва эски биноларнинг бир-бири билан мутаносиблиги ишлаб чиқилмагани ҳамда лойиҳа ташкилоти лицензиясиз кенгашга тақдим этилгани сабабли лойиҳа таклифи Илмий-эксперт кенгаши аъзолари томонидан бир овоздан рад этилган”, дейилган агентлик хабарномасида бунга оид ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош прокуратурага йўллангани урғуланган.