Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов 14 февраль куни бўлиб ўтган “Ҳокимлик соати” йиғилишида Марҳамат туман ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Мухтор Қурбоновни ишдан олди. Туман ҳокими Бобур Йўлдошевга “ҳайфсан” берди.
Халқ таълими вазирлигининг билдиришича, 72-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби директори Муқаддамхон Ҳасанова ҳамда Марҳамат тумани халқ таълими бўлими мудири Алияхон Абдувоҳидова вазифасидан озод этилди.
Расман билдирилишича, амалдорларга нисбатан бу жазо чоралари кўрилиши бўйича хулосани Халқ таълими вазири Андижон вилоятига борганидан сўнг ҳокимиятга тақдим этган.
4 февраль куни Марҳамат туманидаги 72-мактаб ўқитувчилари таълим сифати пастлиги учун ота-оналаридан узр сўрашга мажбур қилингани тўғрисидаги видео ижтимоий тармоқларда тарқалиб, кескин муҳокамаларга сабаб бўлганди.