Ўзбекистоннинг марҳум муфтийси Усмонхон Алимов бундан уч ой муқаддам вафот этганига қарамай, бу йил ҳам “Жаҳондаги энг нуфузли 500 мусулмон” рўйхатига киритилди. Мазкур рўйхат Уммондаги Қироллик Исломий стратегик тадқиқотлар маркази томонидан 2009 йилдан бери эълон қилиб келинади. Бунгача У. Алимов мазкур рўйхатга 11 марта киритилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов шу йил 15 августида Москвадаги клиникалардан бирида вафот этгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. Шифокорлар унинг вафотига COVID-19 сабаб бўлганини тасдиқлашган. У. Алимовдан бўшаган ўринга куни кеча 2019 йилдан буён Тошкент шаҳри бош имом-хатиби лавозимида ишлаб келаётган 53 ёшли Нуриддин Холиқназаров тайинланган эди.
“The Muslim 500”нинг бу йилги рўйхатида биринчи ўринни Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад ал Соний эгаллаган. Ундан кейинги ўринларга Саудия Арабистони қироли Салмон бин Абдулазиз ҳамда Эроннинг олий руҳоний раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий қўйилган.
Илк бешликдан Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва Урдун қироли Абдулла II каби сиёсатчилар ҳам жой олишган.
Жаҳондаги нуфузли мусулмонлар рўйхатида Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Уламолар кенгаши раҳбари Сайидмукаррам Абдулқодирзода, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ва Чеченистон президенти Рамзан Қодиров номларига дуч келиш мумкин.
Бу йилги рўйхатга ҳатто “Толибон” террор ҳаракати етакчиси Ҳайбатуллоҳ Охундзода ҳам киритилган, бироқ унда Ўзбекистон президенти исми зикр этилган эмас.