Марк Рютте НАТО бош котиби ўлароқ иш бошлади

НАТОнинг янги бош котиби Марк Рютте

Нидерландиянинг собиқ бош вазири Марк Рютте расман НАТО бош котиби лавозимида иш бошлади. У 2014 йилдан буён ташкилотга раҳбарлик қилиб келган Йенс Столтенберг ўрнига келди.

Рютте НАТО бош котиби лавозимида ишлар экан, асосий эътиборини учта устувор йўналиш – Шимолий Атлантика иттифоқи мудофаасини кучайтириш, Украинани дастаклаш ва бошқа мамлакатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратишини билдирган.

Рютте Украинанинг НАТОга кириши муддатини яқинлаштиришга ваъда берган. Унга кўра, кучли ва мустақил Украинасиз Европа хавфсиз бўлолмайди. Рютте НАТОга аъзо мамлакатлар шу йил июль ойида Вашингтонда бўлиб ўтган саммитда Киев олдида олинган мажбуриятларини бажаришлари лозимлиги, чунки “Украинанинг ҳақли жойи НАТОда” эканини қайд этган.

Аввалроқ Politico нашри НАТО мамлакатларининг барча элчилари Рютте номзодини маъқуллаганлари, сўнггилардан бўлиб уни Словакия ва Венгрия ҳам қўллагани ҳақида ёзган эди. Бир неча ой давомида Рютте номзодини дастаклашга рози бўлмай юрган Венгрия бош вазири Виктор Орбанга Будапешт Украинани дастаклаш бўйича НАТО фаолиятида иштирок этишдан бош тортиши мумкинлиги ваъда қилинган.

Рюттенинг НАТО бош котиби лавозимидаги асосий вазифаси ҳарбий иттифоққа аъзо барча мамлакатлар учун мудофаа харажатларини ЯИМнинг 2 фоизига қадар ошириш бўлиши айтилмоқда. НАТО маълумотига кўра, ҳарбий харажатлар бўйича кўзланган кўрсаткичга ҳозиргача ташкилотга аъзо 32 та мамлакатдан 23 тасигина эришган, холос.

2010 йил октябридан жорий йил июлигача Нидерландия бош вазири лавозимида ишлаган Марк Рютте Россиянинг танқидчиси бўлиб, доим Украинани дастаклаб келган.