Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви жорий йилнинг 22 апрель куни асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда МБ матбуот хизмати маълумот тарқатди.
МБ қайдича, мазкур қарор инфляция даражасини пасайтириш ва иқтисодиётнинг тикланиб бориши шароитида иқтисодий фаолликни кўллаб-қувватлаш мақсадлари ўртасидаги мувозанатни таъминлаш, ташқи бозорларда озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўсиши бўйича хатарлар фонида инфляция ва инфляцион кутилмаларнинг пасаювчи динамикасини сақлаб қолиш мақсадида қабул қилинган.
Регулятор ташқи бозорлар ва асосий озиқ-овқатлар таклифидаги ўзгаришларнинг йил охиригача инфляцияга таъсирларининг сақланиб қолиши ва ялпи талаб ўсишининг нархларни оширувчи хусусияти ортиб боришини инобатга олган ҳолда 2021 йил якунлари бўйича инфляциянинг 9,0-10,0 фоиз даражасида бўлиши прогноз қилган.
“Бунда йил сўнгига қадар инфляцион жараёнлар ва кутилмалар ҳам монетар ҳам номонетар омилларнинг турли йўналишдаги таъсирлари остида шаклланади”, дейилган МБ хабарномасида.
Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви 2020 йил сентябрь ойида асосий ставкани 1 фоизга пасайтириб, йиллик 14 фоиз даражасида белгилаган, ўтган йилнинг октябрь ва декабрь ойларида, шунингдек, 2021 йил 21 январи ва 11 мартида бу кўрсаткични ўзгаришсиз қолдирганди.
МБ бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича галдаги йиғилиши 2021 йил 10 июнига белгиланган.