Марказий Осиё мамлакатлари энергия етишмовчилигидан азият чекмоқда. Энергетика соҳаси мулозимлари энергия ишлаб чиқариш сустлигида тарифлар пастлигини айблайдилар, раҳбарлар эса нархлар оширилиши аҳолида норозилик туғдиришидан чўчийди.
Қозоғистон шаҳарларида одамлар иссиқлик таъминотидаги авариялар туфайли совуқ уйларда яшашмоқда, Тожикистондаги бир қишлоқда электр йўқлиги сабабли сув насослари ишламаяпти, Тошкентда эса электрни тежаш учун кўча чироқларини ўчириб қўйишяпти. Доимгидек, қиш кириши билан Марказий Осиё мамлакатларида энергия тақчиллиги кескин тус олиб, аҳоли ўз ҳукуматларидан ғазабланиши сабаблари кўпайди. Ва бу иқтисодий инқироз палласига тўғри келмоқда.
“Тақчилликнинг бирламчи сабаби – хўжасизлик, – дейди бишкеклик эксперт, тараққиёт лойиҳалари бўйича маслаҳатчи Алишер Ҳамидов Озодлик билан суҳбатда. – Минтақанинг айрим мамлакатларида 40 фоизгача электр энергияси исроф бўляпти. Ҳамма бало шундаки, электр тармоқлари ниҳоятда эскирган, ҳукуматлар эса уларни неча йиллардан бери янгилагани йўқ”.
Нимадан тежашни ҳам билмайсан
Октябрь ойида электрни режали ўчириш бошланганида Тожикистоннинг Кўлоб шаҳридан 10 чақирим масофада жойлашган бир қишлоқда кундузлари электр таъминоти тўхтатилди.
“Свет-ку, майли, бундан бадтар муаммоларимиз бор: сув насослари ток билан ишлайди. Бир ойдан бери сувсиз ҳам қолдик”, дейди шу қишлоқлик Сафармоҳ Бобохонова.
Катта шаҳарларни истисно қилганда, Тожикистоннинг барча аҳоли масканларида электр таъминоти йил сайин ёмонлашиб, одамларни кўмирга ўтишга мажбур қилмоқда.
Мавзуга алоқадор ZIMISTON-UZ: Газ портлашида Сурхондарёда икки, Сирдарёда ҳам икки киши ҳалок бўлдиШу боис, ялпи инфляция манзарасида бу йил кўмир 20 фоизга қимматлашди. Трейдерларга кўра, йўл йиғимлари оширилиши вазиятни янада чуқурлаштирмоқда.
Бироқ бу қишда энергетика коллапсининг энг ёрқин белгилари Марказий Осиёнинг энергия манбаларига энг бой мамлакати – Қозоғистонда кўринмоқда.
Шимолий Қозоғистондаги 150 минг нуфусли Экибастуз шаҳри Марказий Осиёнинг энг йирик икки кўмир шахтаси яқинида ва мамлакат электр энергиясининг қарийб 15 фоизини ишлаб чиқарадиган электр станциясидан атиги 15 чақирим масофада жойлашган.
Шаҳардаги ягона иссиқлик маркази салкам 70 йил олдин қурилган бўлиб, 27 ноябрда ишдан чиққан экан. Бу пайтда шаҳарда -30 даража совуқ эди.
Авариядан бир неча кун ўтиб ёйинланган видеоларда уйида совқотган одамлар ҳовлида гулхан ёқиб, исиниб ўтиргани акс этган. Яна бир видеода электр иситкич сотиб олиш учун навбатда турганларни кўриш мумкин.
Шимоли-шарқдаги Усть-Каменогорск шаҳри аҳолиси ҳам марказлашган иситиш тизимидан нолимоқда.
Иссиқлик таъминоти маркази вакили Озодлик билан суҳбатда марказни кенгайтириш режалари Украина урушининг геосиёсий оқибатлари туфайли барбод бўлганини, чунки Россия ширкатлари зарур жиҳозлар етказиб беришни тўхтатиб қўйганини айтди.
Марказий Осиёнинг газга бой ва ахборот борасида ёпиқ Туркманистондан бошқа барча мамлакатлари ўтган ойда электр тақчиллигига дуч келди.
Икки йил муқаддам Ўзбекистонда электр энергияси етишмаслиги ортидан баъзан вилоятлар миқёсидаги кичик норозилик чиқишлари бўлиб турарди. Энергия танқислиги бу йил ҳам шундай кескин туюлмоқда.
“Фарғонаазот” минерал ўғитлар заводи ходимлари Озодликка билдиришича, ноябрнинг биринчи ярмида – режадаги муддатдан қарийб икки ой олдин – ишлаб чиқариш газ етишмовчилиги туфайли вақтинча тўхтатилган.
Тошкентда эса кўчаларни ёритишга масъул давлат ширкати 16 ноябрдан бошлаб пойтахтнинг марказий кўчаларини тунда ёритиш “чекланган”ини маълум қилди.
“Тошкент шаҳри аҳолиси ва меҳмонлари кечки ва тунги вақтда юзага келадиган вақтинчалик ноқулайликларни тушунадилар, шунингдек, кундалик ҳаётда электр энергиясидан оқилона ва тежамкор фойдаланишнинг умумий вазифаларини ҳал қилишда фаол иштирок этадилар, деб умид қиламиз”, дейилади “Тошшаҳарнур” хабарномасида.
Қозоғистон ва Ўзбекистон энергетика балансида энг катта улуш иссиқлик электр станцияларига тегишли бўлса, Қирғизистон билан Тожикистон энергия таъминотида гидроэнергетика муҳим ўрин тутади.
Шу туфайли ҳар гал Қирғизистоннинг Тўқтағул ва Тожикистоннинг Нурек ГЭСларига туташ сув омборларида сув ҳажми камайганда бу икки мамлакат ҳукуматлари саросимага тушади.
Бироқ Озодликнинг тожик хизмати саволга тутган эксперт бу мавсум Тожикистоннинг “Барқи Точик” электр энергияси ширкати сув омборларини баҳона қилмаганини айтди. Унинг тахминича, қишлоқларда муттасил электр узилиши расмий Душанбе нимага устуворлик бераётганини акс эттиради.
“Йирик саноат корхоналари электрни чекланмаган ҳажмда олади, ҳатто электр энергиясини Афғонистонга экспорт қилишаётганидан ҳам хабаримиз бор. Ҳолбуки биринчи галда Тожикистон халқини таъминлаш керак”, дейди иқтисодчи Абдураҳмон Ҳакимзода.
Россия таклиф ва янгиланадиган энергия
Минтақанинг энг аҳолиси кўп ва бюджети катта мамлакатлари бўлмиш Қозоғистон ва Ўзбекистон учун энг оқилона йўл – энергетика секторини диверсификация қилишдир.
Экибастуз аҳолиси совуқда қолган пайтда президент Қасим-Жомарт Тоқаев расмий ташриф билан Парижда эди. Ўша ташриф чоғида Қозоғистон жанубидаги Жамбул вилоятида шамол электр станциясини барпо этиш тўғрисида Франция билан қарийб икки миллиард долларлик шартнома имзоланди. Мамлакатнинг жанубий ҳудудларида электр танқислиги айниқса жиддий муаммога айланган.
Тошкент ҳам янгиланадиган энергия манбаларини ривожлантиришга киришган: августда Саудия Арабистони билан дунёда энг йирик шамол электр станциясини қуриш ва яшил энергетикага оид бошқа лойиҳаларни ўз ичига олган 12 миллиард долларлик шартномалар имзоланган эди.
Бу ёқда минтақанинг зиддиятли, аммо эски ҳамкори бўлмиш Россия ҳам томошабин бўлиб тургани йўқ.
Кремль Украинага қарши уруш бошлашидан олдин Қозоғистонда ҳам, Ўзбекистонда ҳам атом электр станциялари қуриб бериш таклифи билан чиққан эди.
Мавзуга алоқадор Кремлдан қўнғироқ. Мирзиёев Путин билан "газ иттифоқи"ни муҳокама қилдими?“Росатом” ҳозирча Ғарбнинг тўғридан-тўғри санкцияларига йўлиқмаган бўлса-да, уруш ушбу потенциал йирик лойиҳаларнинг аҳамиятини кескин оширди.
Ўтган ҳафтада эса Россия ва Қозоғистон президентлари маъмуриятлари Россия президенти Владимир Путин 28 ноябрь куни Москвада Тоқаев билан учрашувда Остона ва Тошкентга “уч томонлама газ иттифоқи” тузишни таклиф қилганини тасдиқладилар.
Икки мамлакатдан ҳеч бири мазкур иттифоққа қўшилиш нияти борлигини ҳануз билдирмади.
Қозоғистоннинг “Қазақгаз” давлат ширкати раҳбари Санжар Жаркешов июнь ойидаги чиқишида агарда мамлакат газ секторида туб ўзгаришлар қилмаса, экспорт ўлиши ҳақида огоҳлантирган эди.
Унинг фикрича, энг катта муаммолардан бири ички бозорда газ нархи пастлиги бўлиб, бу қазиб олиш жараёнини жозибасиз қилиб қўймоқда.
Қозоғистон Энергетика вазирлиги ҳам паст тарифлар электр энергияси таъминотчиларини, айниқса хусусий таъминотчиларни эскириб кетган инфратузилмани капитал таъмирлаш учун етарлича рағбатлантира олмаслигидан нолимоқда.
Бироқ эксперт Алишер Ҳамидов жорий йил январида Қозоғистонда суюлтирилган газ баҳоси бирдан оширилиши ортидан чиққан қонли тартибсизликлар Марказий Осиё раҳбарлари аҳоли учун энергия истеъмоли тарифларини ошириш таклифларига нега хавотир билан қарашига мисол эканини урғулайди.
“Ҳукуматларга совет давридан қолган марказлаштирилган субсидиялар тизимини сақлаб қолиш манфаатлироқ, чунки у инфратузилма учун ҳалокатли бўлса-да, одамларни юпатиб туради”, дея қўшимча қилади у.
25 январда Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг катта қисми электр энергиясидан бутунлай узилиб қолган эди. Мазкур уч мамлакат Совет Иттифоқидан мерос қолган Марказий Осиё қўшма энергия тизими орқали ўзаро туташган. Тармоқда рўй берган ўша йирик авария криптовалюта майнерларининг электр энергиясига талаби ҳаддан зиёд ортиб кетиши оқибати экани айтилади.