Чўлпонота саммити аввалги саммитлардан нимаси билан фарқ қилади? Марказий Осиёда интеграция жараёни чуқурлашадими? Лидерлар ташқи таҳдидлар манзарасида муаммоларни баҳамжиҳат ҳал этишга келиша оладиларми? Озодлик қирғиз хизмати экспертларнинг бу борадаги фикрларини ўрганган.
Ўзгарувчан геосиёсат
“Марказий Осиё давлатлари президентлари ўтган йилнинг август ойи бошида учрашганида Афғонистонда толиблар ҳали иқтидорга келмаганди. Аммо Афғонистонга оид муаммолар Толибон билан чекланиб қолмайди. Сўнгги ойларда “Хуросон ислом давлати” экстремистик гуруҳи Тожикистон ва Ўзбекистон ҳудудларига ракеталар отганини унутмайлик. Бу ҳам битта бош оғриғи. Яна бир муаммо – Россия Украинага қарши бошлаган уруш. Шунингдек, бир талай ички масалалар бор. Қозоғистонда январь воқеалари юз берди. Тожикистоннинг Тоғли Бадахшонида ва яқинда, мана, Қорақалпоғистонда қон тўкилганига гувоҳ бўлдик. Ўзбекистонда 2005 йилги Андижон воқеаларидан сўнг бунақа кучли норозилик кузатилмаганди. Қисқаси, минтақада кўп ишлар бўляпти”, дейди журналист ва Марказий Осиё бўйича тадқиқотчи Брюс Панниер.
Қозоғистонлик жамоат арбоби ва иқтисодчи Мухтор Тайжан фикрича, минтақанинг туркий тилли давлатлари нафақат иқтисодий, балки ҳарбий ҳамкорликни ҳам ривожлантириши лозим. Сўнгги икки йилда бу йўналишда кўп ишлар қилинди.
“Геосиёсий ўзгаришлар, Россиянинг Украина билан уруши ва бошқа воқеалар бизнинг ҳамкорлигимизга таъсир этяпти, деб ўйлайман. Халқларимиз ўзаро яқинлашмоғи, бирлашмоғи лозим, акс ҳолда эртага йирик геосиёсий омиллар таъсиридан қутула олмаймиз. Биз кўпдан бери гапириб келаётган муаммолар бор. Масалан, Қозоғистон билан Қирғизистон алоқалари бир оз совиган. Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида тўқнашувлар чиқяпти. Лекин энг муҳими – минтақамиз ҳамкорлик ташкилотлари фаолиятини кучайтириши ва мамлакатлар бир-бирига ёрдам бериши керак. Шунга умид қиламан. Давлат раҳбарлари ҳам буни англашяпти. Кўрамиз, қани, натижа қанақа бўларкин”, дейди эксперт ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашар экан.
Мавзуга алоқадор Марказий Осиё раҳбарлари Украина урушидан буён Россиясиз илк саммитга тўпланмоқдаРоссия ва Толибонга қанчалик ишониш мумкин?
Расмий маълумотга кўра, учрашувда хавфсизликни таъминлаш, минтақанинг иқтисодий ўсиши, ҳамкорликни кенгайтириш, маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинади.
Брюс Панниер фикрича, кун тартибидаги масалалар орасида Россия билан ўзаро алоқалар масаласи муҳокамаси устувор бўлиши лозим:
“Путин бошлиқ Россия сиёсатчилари барча постсовет республикалар, жумладан Марказий Осиёни ҳам “русларнинг тарихий ерлари” дея иддао қилаётганини назардан қочирмаслик керак. Улар Қозоғистоннинг шимолий қисмига, ҳатто бутун ҳудудига “оғиз солишяпти”. Савол туғилади: шу ҳолатда Россияга қанчалик ишониш мумкин? Келгусида у билан ҳамкорлик қандай бўлади, алоқалар нечоғли дўстона бўлади? Толибонга келсак, у билан бизнес қилиш мумкинлигига ишоралар бор. Бироқ толиблар, афтидан, бутун Афғонистонни назорат қила олишмаяпти”.
Россияга қарамлик, янги савдо йўлларини излаб...
Тожикистонлик мустақил сиёсатшунос Парвиз Муллажонов янги реалликда минтақа давлатлари ўз стратегияларини ўзгартиришга мажбур, деб ишонади. Ўтган учрашувларда ижтимоий-иқтисодий ҳамкорлик ва умумий масалаларга урғу берилган бўлса, Украинада уруш бошланиши ва Россия билан Ғарб ўртасида зиддият кучайиши манзарасида бошқа муаммолар асосий планга чиқмоқда. Муллажонов ушбу муаммолардан бири нефть ташиш йўллари эканини айтади:
“Ҳозирги геосиёсий шароитда нефть ва энергия ресурсларини жанубга, сўнгра Каспий ҳавзаси орқали мижозларга етказиш аввалгидек абстракт бўлмай қолди. Масаланинг аҳамияти нафақат минтақа давлатлари учун, балки Россия учун ҳам ортди. Президентлар 2022-2024 йилларда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича йўл харитасини имзолашлари лозим. Ўйлашимча, ҳозир улар ҳужжатни ўзаро келишишмоқда, айни жараёнда янги масалалар ҳам пайдо бўлади, албатта”.
Июль ойи бошларида Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев нефть етказиб бериш йўлларини диверсификация қилишнинг муҳимлиги ҳақида гапирган ва Хитой, Қозоғистон, Каспий денгизи ҳавзаси, Озарбайжон, Грузия, Туркия ва Қора денгиз орқали Европага борадиган Транскаспий йўналишини очишнинг оптимал вариантини ишлаб чиқишга топшириқ берган эди.
Тоқаев мамлакат денгиз йўллари орқали юк ташиш салоҳиятидан тўлиқ фойдалана олмаётганини, бироқ эндиликда замон ўзгарганини ва бу ҳақда жиддий ўйлаб кўриш зарурлигини таъкидлади.
Мавзуга алоқадор Ўзбекистон Россия сармоялари ўрнини Хитойники билан тўлдирмоқчиЎз навбатида Ўзбекистон ҳам жанубий қўшниларини афзал кўриб, янги савдо йўлларини изламоқда.
Москва аввалбошдан Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкори бўлган. Томонлар ўртасидаги йиллик маҳсулот айланмаси 7,5 млрд долларга етади. Қолаверса, Ўзбекистон ўз гази, нефти ва металлини Россия портлари орқали жаҳон бозорига чиқаради.
Айрим экспертлар Шавкат Мирзиёев иқтидорга келганидан сўнг мамлакат савдо йўлларини диверсификация қилишга киришганини ва Покистонга алоҳида эътибор бераётганини айтадилар.
Баҳорда Термиз шаҳрига Ҳиндистондан – Покистон ҳамда толиблар Афғонистони орқали денгиз ва қуруқлик йўллари билан юк келтирилган эди. Брюс Панниер ушбу йўналишни ҳам назардан қочирмаслик кераклигини урғулайди:
“Давлат раҳбарлари шу орқали савдо масаласини ҳал этишлари мумкин. Тижорат йўллари ўзгармоқда. Ҳозирда Марказий Осиё экспорти ва импортининг асосий қисми Россия орқали ўтади. Бу минтақага СССРдан мерос қолган. Эндиликда, вазият ўзгариши муносабати билан, бошқа имкониятларни кўриш лозим. Каспий йўли бор, бироқ у чекланган. Шарқ-Ғарб йўналиши, яъни Хитойдан Эронгача бўлган савдо йўлини ривожлантириш мумкин. Жанубга, Ҳинд океанига олиб чиқувчи йўллар 30 йилдан бери муҳокама қилинмоқда”.
Қоғозда қолиб кетган интеграция ташаббуслари
Карнеги фонди илмий ходими Темур Умаров Туркманистоннинг Аваз шаҳрида бўлиб ўтган аввалги учрашувдан сўнг минтақада ва дунёда талай ўзгаришлар бўлди, айни чоғда ички тебранишлар интеграцияга халал бермоқда, деб ҳисоблайди.
“Менимча, сўнгги учрашувдан кейин сиёсий режимлар жиддий инқирозларни бошдан кечирди. Ва улар барқарорлик ҳамма нарсадан муҳимлигини тушуниб етишди. Бинобарин, айни дамда реал интеграция ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Чунки интеграция – бир мамлакатнинг минтақадаги каттароқ ютуқларни кўзлаган ҳолда ўз суверенитетининг бир бўлагини йирик минтақавий институтларга сотишини билдиради. Бироқ ҳар қайси режим ўз инқирозини кечираётган пайтда бунақа масала кун тартибига чиқишига инониш қийин.
Тўғри, минтақа давлатлари уюшса, Россия, Хитой ва Толибонга нисбатан умумий сиёсат белгиланса, жуда соз бўлур эди. Бироқ ички ихтилофлар шу қадар кенг ва кўпки, режимлар ўз муаммоларини ўзлари ҳал этишни афзал кўришади. Айнан шу ички муаммолар минтақа мамлакатларини бир-биридан узоқлаштирмоқда. 2005 йилда, Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистон ўз қобиғига ўралиб олганини эслайлик. Мирзиёев иқтидорга келмаганида мамлакат ҳануз ёпиқ қолган бўлар эди”, дейди эксперт.
Айрим маълумотларга кўра, Чўлпонота саммитида давлат раҳбарлари дўстлик ва ҳамкорликни ривожлантиришга доир битимни имзолашади. Сиёсатшунос Умаров бунақа ҳужжатларга шубҳа билан қарашини айтади:
“Бунақа чиройли гаплар қоғозда қолиб кетади. Воқелик тамом бошқача. Совет давридан мерос чегара ва сув можароларидан тортиб – ушбу давлатлар ташкил топганидан бери мавжуд миллий муамолар бор. Аввало шуларга ечим топиш керак. Қозоғистон билан Қирғизистон ЕОИИга аъзо, айни чоғда бу иккиси Тожикистон билан бирга КХШТга кирган. Туркманистон бу ташкилотлардан ҳеч бирига қўшилмаган. Россия лойиҳаларига кирмаган Ўзбекистон эса ҳозирда ЕОИИни эҳтиёткорлик билан кузатиб турибди. Россия иқтисодий қамалда эканини ҳисобга олсак, бу ташкилотдан бирон наф чиқиши маҳол. Бунақа тарқоқлик бор экан, қандайдир ички интеграция ҳақида гапириш ортиқча”.
Брюс Панниер минтақа давлатлари раҳбарлари 1990-йилларда ҳам қатор уч томонлама, кўп томонлама ёки икки томонлама битимлар имзолашганини, бироқ сўнгги 30 йилда бунақа ҳужжатлар вазиятни ўзгартирмаганини эслатади.
“Улар қанчалик фойдали бўлишини айта олмайман. Таклиф этилаётган шартномани тўлиқ ўрганиб чиққанимча йўқ. Аммо, билишимча, унда ҳамкорлик тўғрисида гап боради. Бунақа жараёнлар Марказий Осиё лидерлари учрашувларида 2018 йилдан бери давом этиб келяпти”, дейди таҳлилчи.
Панниер қирғиз-тожик чегара можаролари каби жиддий муаммоларни учинчи томон – Ўзбекистон ёки Қозоғистон раҳбарлари воситачилигида ҳал этишга интилишлар бўлишини кутаётганини айтади.
Минтақа қайси “учинчи давлатлар”дан хавфсирамоқда?
Олий даражадаги учрашув арафасида Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги битим лойиҳаси матнини эълон қилди. Ҳужжатнинг бир бандида “томонлар ўз ҳудуди, коммуникация тизимлари ва бошқа инфратузилмаларининг битимни имзолаган бошқа бир томоннинг давлат суверенитети, хавфсизлиги, конституциявий тузуми ва ҳудудий бутлигига зарар етказган ҳолда учинчи давлатлар томонидан фойдаланилишига йўл қўймаслик мажбуриятини олади”, дейилган.
Ушбу бандда қанақа учинчи мамлакатлар назарда тутилмоқда? Суҳбатдошларимизнинг бу борадаги фикрлари турлича бўлди.
Парвиз Муллажонов:
“Ушбу моддада Марказий Осиё давлатлари ҳамда Россиянинг хавотирлари акс этган. Фикримча, Россия вакиллари саммитда иштирок этишмаса-да, у ерда Москва ва Путиннинг позициялари эътиборга олинади. Тўғри, бу ҳақда расман айтилмаяпти, аммо Кремль янги савдо йўлларидан манфаатдор. Чунки ҳозирда Хитойга нефть етказиш йўналиши катта босим билан ишламоқда. Президентлар Россия билан маслаҳат қилишган деб ўйлайман.
Учинчи мамлакатга келсак, қайдам, мен Марказий Осиё мамлакатлари президентлари кўпроқ Ғарбдан ҳадиксирайди, деб ҳисоблайман. Баёнотларга эътибор беринг: Қозоғистон, Тоғли Бадахшон, Қорақалпоғистон воқеаларида улар айнан Ғарбни айблашган. Шундан келиб чиқиб, учинчи мамлакат деганда Ғарбни назарда тутишган, деб биламан”.
Брюс Панниер бу ерда гап Россия базалари ҳақида бораётганини айтади:
“Қайси давлат Марказий Осиёга бу қадар таъсир ўтказиши мумкин? Чунончи, Хитой – статус-квони сақлаш тарафдори. У минтақанинг бирон давлатида катта эврилиш бўлишини ёки ҳокимият алмашишини хоҳламайди. Россияга келсак, мен унинг “тарихий ерлар” ҳақидаги даъволарини юқорида тилга олдим.
Йил бошидан бери Қозоғистон-Россия алоқалари кескин ўзгаргани-чи?.. Январда Қозоғистон КХШТдан ҳарбий мадад сўраган, мамлакатга чет эл контингенти киритилганди. Энди бўлса руслар Марказий Осиёда кимнингдир ҳудудидан бошқа мамлакатга қарши фойдаланмаслиги керак, дейиляпти. Ўтган етти ой мобайнида Нур-Султон билан Москва ораси қанчалик совиганини шундан билса бўлади. Ўйлашимча, ушбу банд Россия Кант ёки Тожикистондаги ҳарбий базаларини минтақадаги учинчи мамлакатга қарши қўлламаслиги учун киритилган. Бироқ Москва керак бўлганда ҳеч қанақа халқаро битимларга қараб ўтирмайди”.
Россия ўрнини Хитой эгаллаши мумкин
Россия Украинага бостириб кирганидан бери қатор сиёсатшунослар Марказий Осиё Москва орбитасидан чиқиши учун қулай вазият пайдо бўлганини айтишмоқда. Шу билан бирга, улар Россия билан иқтисодий алоқалар ва ушбу мамлакатдаги миллионлаб мигрантларни ҳисобга олганда бу қадамни қўйиш осон кечмаслигини эслатишади. Парвиз Муллажонов бошқа хавфдан огоҳлантиради:
“Россия Украина билан урушда бўйнигача ботди. Унинг минтақадаги мавқеи бўшашди, бу тенденция давом этади. Бир тарафдан, Москва Ғарбга қарши курашмоқда, бошқа томондан унинг Хитойга муайян даражада тобелигини ҳам унутмаслик керак. Бу ерда Марказий Осиё мамлакатлари олдида имкониятлар очилгани каби, хавотирлар ҳам пайдо бўлади. Минтақадаги барча давлатлар Пекиндан қарздор. Шу боис, Марказий Осиёда Россиянинг ўрнини Пекин эгаллаши эҳтимоли катта”.