Европа Кенгаши президенти Шарль Мишель Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида ўтган “Марказий Осиё-Европа Иттифоқи” саммитидан сўнг уюштирилган матбуот анжуманида Озодлик радиоси қирғиз хизматининг “Европа Иттифоқи Қирғизистон, Қозоғистон ёки Ўзбекистонга санкция жорий этиши мумкинми?” деган саволига жавоб берди.
Унга кўра, ЕИ Россиянинг “уруш машинасини қўллаётганларга нисбатан чоралар кўрмоқда”. Мишель шу кунларда навбатдаги санкциялар масаласи муҳокама қилинаётганини айтди:
«Биз бундан аввал Россия уруш машинасини қўллаётганларга аниқ чораларни кўрдик. Биз санкцияларнинг 10 та пакетини маъқуллаганмиз. Биз ҳозирги кунда санкцияларни четлаб ўтилишининг олдини олиш мақсадида санкцияларнинг 11-пакетини муҳокама қилмоқдамиз. Аниқ қилиб айтсам, бунга Россиянинг уруш машинасини қўллаётганлар туртки берди. Биз ҳеч қандай экстратерриториал принципни қўлламаймиз»,- деди Шарль Мишель.
Унинг айтишича, ЕИ ўз ҳамкорларини Россияга Ғарб санкцияларини четлаб ўтишга кўмаклашмасликка чақиради, айни пайтда ЕИ ҳамкорларининг санкцияларга оид саволларини ва ҳар қандай муаммоларини тинглашга ҳамда муҳокама қилишга тайёр.
Май ойида АҚШ Россиянинг 69 ширкатини, Арманистоннинг битта ва Қирғизистоннинг битта ширкатини санкциялар рўйхатига киритган эди.
Апрель ойида Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О’Салливан Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистонда бўлган эди. 27 апрелда Тошкентда матбуот анжумани ўтказган Дэвид О’Салливан Ўзбекистон ва ЕИ республика Россияга санкцияларни четлаб ўтувчи ҳудудга айланиб қолмаслиги йўналишида ҳамкорлик қилаётганини айтган эди.
Чўлпонотада “Марказий Осиё-Европа Иттифоқи” иккинчи саммити 2 июнь куни бўлиб ўтди. Унда Шавкат Мирзиёев билан бир қаторда Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон Министрлар кабинети раиси ўринбосари Нурмуҳаммет Аманнепесов ва Европа Кенгаши президенти Шарль Мишель иштирок этади.
“Марказий Осиё-Европа Иттифоқи” форматидаги биринчи саммит 2022 йилнинг 27 октябрида Қозоғистон пойтахти Астанада ўтказилган эди.