The Telegraph Европа Иттифоқи Россияга санкцияларни четлаб ўтишга кўмаклашган мамлакатлар, ширкатлар ва шахсларга нисбатан савдо чекловлари жорий қилиш масаласини муҳокама этаётгани тўғрисида хабар берди. Нашрнинг билдиришича, бу борада унинг ихтиёрига махфий ҳужжат келиб тушган.
Ҳужжат қабул қилинса, Россияга санкция остидаги товарларни реэкспорт қилган мамлакатлар, юридик ва жисмоний шахсларнинг Европа Иттифоқи бозорига кириши чекланади.
The Telegraph ҳужжатда, жумладан, Европа Иттифоқидан Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистонга, Марказий Осиё мамлакатларидан эса Россияга экспорт камида 60-80 фоизга ўсгани қайд этилганини таъкидлайди. Европа Иттифоқи бу ҳолат “Россияга санкцияларни четлаб ўтишда” кўрсатилаётган ёрдам бўлиши мумкинлигидан ташвишланмоқда.
Нашрнинг ёзишича, бу ерда Европа Иттифоқидан Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистонга сотилаётган “икки мақсадли” техника - кир ювиш машиналари, эски автомобиллар ва фотокамералар назарда тутилмоқда. Бу техникалар демонтаж қилиниб, улардан олинган яримўтказгичлар ва бошқа эҳтиёт қисмлардан Россия шикастланган ҳарбий техникасини таъмирлашда фойдаланаётган бўлиши мумкин.
Аввалроқ Reuters агентлиги Россия компаниялари сўнгги ҳафталарда қозоқ ҳамкорларидан Ғарб санкцияларини четлаб ўтиб, зарур товарларни импорт қилишда ёрдам сўраётгани тўғрисида ўз манбаларига таяниб хабар берган эди.
Туркия ўтган ой АҚШнинг кимёвий моддалар, микрочиплар ва бошқа ускуналарни Россияга экспорт қилмаслик ҳақидаги огоҳлантиришларидан кейин Россия урушда фойдаланиши мумкин бўлган маҳсулотларни экспорт қилмаслигини билдирди.
Анқара Туркия ҳудудида ёки Туркия орқали Ғарб санкцияларини четлаб ўтишга йўл қўймаслигини ва бунинг олдини олиш учун чоралар кўраётганини маълум қилди.