Марокашда миллий мотам. Зилзила қурбонлари 2100 кишидан ошди

Марокашда 8 сентябрь куни 7,2 балли зилзила юз берган эди.

Марокашда юз берган зилзиладан ҳалок бўлганлар сони 2122 кишига етди. Жароҳатланганлар сони ҳам 2000дан ошди. Ҳозирда қутқарув-қидирув ишлари давом этмоқда. Мамлакатда уч кунлик миллий мотам эълон қилинди.

Марокаш ҳукумати Испания, Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари ва Британия ёрдамини қабул қилди. Бу давлатлар қутқарувчилар ва гуманитар ёрдам жўнатди. Шунингдек, Франция, АҚШ ва Исроил ҳам ёрдам таклиф қилмоқда.

Қатор давлат раҳбарлари, жумладан, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Марокаш подшоҳи Муҳаммад VIга ҳамдардлик билдирди.

Reuters агентлигининг ёзишича, 8 сентябрь куни Юқори Атлас тоғ тизмаси ҳудудида юз берган зилзила кучи 7,2 баллни ташкил этган. Аввалроқ АҚШ Геология хизматининг дастлабки маълумотларига асосланган ҳолда зилзила 6,8 баллни ташкил этгани хабар қилинганди.