Марселда Россия консулхонасига ҳужум қилганликда гумонланган икки киши қўлга олинган. Бу ҳақда шаҳар полициясида ишлайдиган манбадан олинган маълумотга таянган ҳолда BFMTV телеканали ва LaProvence газетаси хабар қилди.
Ҳар икки ОАВ муҳтамал ҳужумчилар душанба оқшомида Россия босқинининг уч йиллиги муносабати билан Украинани дастаклаш акциясида иштирок этганини иддао қилган. Мазкур акция Марсель мэрияси биноси олдида ўтказилган эди.
LaProvence нашрининг ёзишича, акциянинг икки иштирокчиси “терговчиларда алоҳида қизиқиш уйғотган”.
Иддаога кўра, гумонланувчилар 50 ва 40 ёшдаги эркаклар бўлиб, улар айни пайтда уюшган жиноятчилик ва алоҳида жиноятларга қарши кураш бўйича бўлим ходимлари томонидан сўроқ қилинмоқда.
BFMTV қайдича, гумонланувчилар консулхонага ҳужум содир этилган 24 февраль тонгида видеокамера ёзиб олган тасвирлар бўйича таниб олинган.
ОАВ маълумотларига кўра, ичига ёнувчи суюқлик қуйилган учта ярим литрли пластик идиш жиноят қуроли ўлароқ хизмат қилган. Дастлабки маълумотларга кўра, улар бино фасадига улоқтирилган, идишлардан иккитаси ёрилиб кетган.
Воқеа жойида сапёрлар ва тезкор хизматлари ходимлари ишлаётган пайтда, BFMTV хабарига кўра, Россия консулхонаси ходимлари ичкарида хавфсиз жойда тутиб турилган.
Ҳодиса чоғида ҳеч ким жабрланган эмас. Нохуш ҳодиса Франция ва Россия Ташқи ишлар вазирликлари томонидан қораланган.