Марсга юборилган Perseverance ровери тарихда илк маротаба ўзга сайёрада кислород ажратди

NASA Марсга юборган Perseverance ровери тарихий амалиётларни бажаришда давом этмоқда.

Ўтган ҳафтада олти ғилдиракли робот Марс атмосферасидаги карбонат ангидрид газидан кислород ажратди. Бундай амалиёт бошқа сайёрада тарихда илк маротаба амалга оширилди.

NASA космик технологиялари миссияси директорлиги маъмури Жим Рейтер:

"Бу Марсда карбонат ангидридни кислородга айлантириш йўлида қўйилган жуда муҳим қадамдир", - деди.

Марсда кислород ажратиш намойиши 20 апрель куни ўтказилди. Фойдаланилган экспериментал асбобнинг бўлғуси версиялари келажакда сайёрага инсонларни юборишга йўл очишига умид қилинмоқда.

Бу жараён нафақат келажакдаги фазогирлар нафас олиши учун кислород ишлаб чиқариш мумкин, балки қайтиш сафари учун ракета ёқилғисини Ердан олиб бориш эҳтиёжини йўқ қилиши мумкин.

Жойдаги кислородли ресурслардан фойдаланиш бўйича Марс эксперименти (Mars Oxygen In-Situ Resource Utilization Experiment, MOXIE) автомобиль аккумулятори ҳажмидаги олтин қути бўлиб, ровернинг олд ўнг томонига ўрнатилган.

"Механик дарахт" лақаби берилган мослама битта углерод атоми ва иккита кислород атомидан ташкил топган карбонат ангидрид молекулаларини ажратади.

Шунингдек, у ён маҳсулот сифатида углерод оксидини ишлаб чиқаради.

MOXIE биринчи марта ишга тушганида 5 грамм кислород ишлаб чиқарган. Бу нормал амалиётларни амалга ошираётган фазогир учун тахминан 10 дақиқа нафас олишга етади.

Навбатдаги қадам ўлароқ MOXIE муҳандислари кўпроқ синовларни ўтказиб, ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга ҳаракат қиладилар. Мослама соатига 10 граммгача кислород ишлаб чиқаришга мўлжалланган.

Массачусетс технология институтида ишлаб чиқилган MOXIE никель қотишмаси каби иссиққа чидамли материаллардан қурилган ва ишлаши учун лозим бўлган 800 даража ҳароратга бардош бера олади.

Мослама ўз ҳароратини тарқатиб, роверга зиён етказиши олдини олиш учун юпқа олтин қоплама билан ўралган.

Массачусетс технология институти муҳандиси Майкл Хетнинг айтишича, MOXIEнинг бир тонналик версияси ракета Марсдан учиб кетиши учун зарур бўлган тахминан 25 тонна кислород ишлаб чиқариши мумкин.

Марснинг 96 фоиз карбонат ангидриддан иборат атмосферасидан кислород ишлаб чиқариш ер остидаги музни қазиб олиб, сўнгра электролиз ёрдамида кислород ажратишдан кўра осонроқ экани айтилмоқда.

Енгил автомобилга тенг келадиган Perseverance ровери Марс сатҳига 18 февраль куни қўнган эди.

Унинг бортидаги қуёш энергияси билан ишлайдиган митти Ingenuity вертолёти 19 апрель куни ҳавога кўтарилди. Бу эса Ердан ташқари оламда амалга оширилган илк парвоз бўлди.

Perseverance ровернинг ўзи тарихида биринчи маротаба Марс товушларини тўғридан-тўғри ёзиб олди.