Март ойидан Варшава — Тошкент авиақатнови йўлга қўйилади

Иллюстратив сурат

Жорий йилнинг 13 мартидан Польшанинг LOT Polish Airlines авиаширкати Варшава–Тошкент қатновини йўлга қўяди.

“Дунё” ахборот агентлиги хабарига кўра, бу ҳақда Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонасида бўлиб ўтган LOT Polish Airlines авиаширкати сотув департаменти директори Марта Вишневска маълум қилган.

Европа Иттифоқи мамлакатларида Ўзбекистон туризмига бўлган қизиқиш ошиб бораётганини қайд этган Вишневска бўлажак ҳаво қатновлари Ўзбекистон билан Польша ўртасидаги сайёҳлар алмашинувини янада ривожлантиришга хизмат қилишини урғулаган.

Сўнгги йилларда Польша ўзбекистонликлар энг кўп бораётган мамлакатлардан бирига айлангани, бу мамлакат ўзбеклар учун Европага дарча вазифасини ўтаётгани ҳақида Озодлик томонидан ўтган йилнинг ноябрь ойида ёйинланган суриштирувда сўз юритилган эди.