Жорий йилнинг 9 феврали арафасида Ўзбекистондаги барча масжидларда Навоий ҳақига қуръон хатм қилиниб, дуо ўқилади. Бу ҳақда “Миллий тикланиш” партияси раиси Алишер Қодиров Телеграмдаги ўз саҳифаси орқали маълум қилди.
Депутатга кўра, мазкур таклиф адабиётшунос Шуҳрат Ризаевдан чиққан.
"Ҳазратни бобомиз деймиз. Лекин у зотнинг фарзанди бўлмаган. Биз ўғиллик, фарзандлик қилиб, бу йил масжидларда маънавий падаримизнинг руҳи покига хатми Қуръон ўқилишига рухсат берсак", деган Ш. Ризаев президент ҳузурида ўтган йиғилишда.
Қайд этилишича, адабиётшуноснинг бу таклифи қабул қилинган.
“Ўзбекистон тарихида илк бор Ҳазрат Навоий туғилган сана исломий анъаналарга мувофиқ бошланади”, деб ёзган “Миллий тикланиш” партияси раиси.
Буюк ўзбек шоири, мутафаккир, давлат арбоби ҳамда кўплаб адабий, тарихий, илмий ва диний-маърифий асарлар муаллифи Низомиддин Мир Алишер Навоий 1441 йил 9 февралида туғилган. Бу йил Ўзбекистонда мутафаккирнинг 580 йиллиги кенг нишонлаши кутилмоқда.