Дунёдаги матбуот эркинлиги даражасини кузатувчи “Чегара билмас мухбирлар” (RSF) ташкилоти рейтингида Ўзбекистон кетма-кетига иккинчи йил пастлашда давом этяпти.
Бу йилги рейтингда Ўзбекистон 180 та давлат ичида 148-ўринни эгаллаган, бу эса мамлакатнинг 2023 йил рейтингидаги ўрнидан 11 поғонага пастлаганини англатади.
Ўзбекистон 137-ўринни эгаллагани айтилган ўтган йилги халқаро рейтингда ҳам мамлакатнинг матбуот эркинлиги бўйича 4 поғонага қуйилагани кузатилган.
Ўзбекистоннинг матбуот эркинлиги бўйича рейтингдаги юксалиши сўнгги бор 2022 йили кузатилган бўлиб, ўшанда у 157-ўриндан 133-ўринга кўтарилган эди.
Қароргоҳи Парижда жойлашган RSFнинг Бутунжаҳон матбуот эркинлиги куни арафасида эълон қилинган бу йилги ҳисоботида “2016 йили президент Ислом Каримов ўлимидан сўнг Ўзбекистонда ОАВ учун шарт-шароит бирозгина яхшиланган”и, “ҳокимият тепасидагиларнинг танқид қилиш билан боғлиқ вазият эса ҳали-ҳамон жуда мураккаблигича қолаётган”и урғуланган.
Ҳисоботдан келиб чиқилса, Ўзбекистонда ўтган бир йил ичида сиёсий индикатор 20 поғонага (132 дан 152 га), иқтисодий кўрсаткич 11 поғонага (132 дан 143 га), қонунчилик кўрсаткичи 17 поғонага (120 дан 137 га), хавфсизлик индикатори эса 9 поғонага (127 дан 136 га) пасайган. Булар орасида фақат ижтимоий индикатор 2 поғонага (147 дан 145 га) юксалган.
RSF ҳисоботида мамлакатда давлат радиоси расмий пропаганда билан шуғулланаётгани, хусусий радиостанциялар ёпилиб кетишдан чўчигани учун ҳар қандай танқиддан тийилиб келаётгани, босма нашрлар давлат манфаатларига хизмат қилаётганига эътибор қаратилган.
“Айримларининг таҳририяти хорижда жойлашган 15 чоғли интернет нашргина сифатли контент чоп қилиб келмоқда. Улар сирасига мамлакатда блокировка қилинган Озод Европа/Озодлик радиосининг ўзбек хизмати — “Озодлик” радиоси ҳам киради”, дейилган ҳисоботда нашрларнинг қарийб учдан бир қисми ўз ёйинини рус тилида амалга ошириши қўшимча қилинган.
Халқаро ҳисоботга мувофиқ, Ўзбекистонда расмийлар ҳукумат билан тиғиз алоқада бўлган блогерларнинг катта гуруҳи ва оммавий ахборот воситаларини назорат қилишади, ҳақиқий мухолифат нашрлари эса тақиқ остида.
RSF қайдича, Ўзбекистон расмийлари ОАВга оид репрессив қонунларни бекор қилиш учун зарур бўлган ислоҳотлар ўтказиши лозим. Мамлакатда цензура, назорат ва ўз-ўзини цензура қилиш ҳолатлари устунлик қилади.
Ҳисоботда ўзбек мулозимлари журналистларга иқтисодий босим ўтказаётгани ёки уларни “сотиб олиш” уринаётгани ҳам таъкидланган.
“Мустақил ОАВ кўпайиши уларнинг айниқса эркин матбуотни дастакловчи хорижий ташкилотлар томонидан молиялаштирилишини чеклаётган қонун ва қарорлар билан тўхтатиб турилибди”, дейилган ҳисоботда.
RSF Ўзбекистонда блогерларга таҳдид ёки уларни ҳибсга олишлар ҳалигача давом этаётгани, аввал узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилган айрим журналист ва блогерлар қамоқдан чиқиб келган бўлсалар-да, ҳануз реабилитиция қилинмаганига эътибор қаратган.
“Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг бу йилги рейтингида матбуот эркинлиги бўйича Марказий Осиё мамлакатларидан Қирғизистон 120-ўринга, Қозоғистон 142-ўринга, Тожикистон 155-ўринга, Туркманистон эса 175-ўринга қўйилган.
Халқаро рейтингдаги энг юқори ўринларни Норвегия, Дания ва Швеция, энг паст ўринларни эса Афғонистон, Сурия ва Эритрея каби мамлакатлар эгаллаган.