Матбуот эркинлиги бўйича ЕХҲТ вакили Ўзбекистонга келди

Тереза Мария Рибейро Ўзбекистон ҳукумати, вазирлик ва идораларида икки томонлама учрашув ҳамда музокаралар ўтказади.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) оммавий ахборот воситалари эркинлиги масалалари бўйича вакили Тереза Мария Рибейро беш кунлик ташриф билан Ўзбекистонга келди.

Ташқи ишлар вазирлигининг “Дунё” ахборот агентлигининг билдиришича, ташриф доирасида Тереза Мария Рибейро Ўзбекистон ҳукумати, вазирлик ва идораларида икки томонлама учрашув ҳамда музокаралар ўтказади.

Расман билдирилишича, музокараларда “ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинади”.

ЕХҲТ вакили, Ўзбекистоннинг вилоятларига ҳам сафар қилади.

Тереза Мария Рибейронинг Тошкентга ташрифи қатор халқаро ташкилотлар Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлиги вазиятидан ташвиш билдираётган бир даврга тўғри келмоқда.

Сўнгги марта Озодлик 10 ноябрда Инстаграмда президент Шавкат Мирзиёев ҳақида танқидий пост ёзган 19 ёшли йигит икки ярим йилга қамалгани ҳақида хабар берганди. Бундан ташқари қатор блогерлар ва журналистлар ҳам турли айбловлар билан қамалган, айримларга нисбатан, жумладан, блогер Олимжон Ҳайдаров устидан суд жараёни бўлиб ўтмоқда.

Бундан аввалроқ Озодлик Ўзбекистонда турли нашрлар босган мақолалар остида қолдирган изоҳи ёки ижтимоий тармоқлардаги пости учун блогер ва фойдаланувчилар ИИБ ва ДХХга чақирилгани, айримлари жаримага тортилгани ҳақида ёзган.

Аввалроқ Озодлик билан эксклюзив суҳбатда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хеник ўзбек расмийларини сўз ва матбуот эркинлигини ҳурмат қилишга чақирган эди:

“Ўзбекистон охирги бир неча йилда матбуот эркинлиги борасида улкан қадамларни қўйди. Аммо шу билан бирга, блогерларга қарши жиноят ишлари ташвишга сабаб бўлмоқда. Мен Ўзбекистон ҳукуматини матбуот, сўз ва ифода эркинлигини ҳурмат қилишда давом этишга чақираман. Ҳукумат бу жиноят ишлари ортида сиёсий сабаблар турмаганига амин бўлиши керак, деб ҳисоблайман”.

Демократия, сиёсий эркинликлар ва инсон ҳуқуқларини кузатувчи Freedom House халқаро нодавлат ташкилоти ўзининг 2023 йилги ҳисоботида Ўзбекистонни интернет эркин бўлмаган давлатлар рўйхатида қолдирди. Ташкилотга кўра, президент Мирзиёевнинг айрим ислоҳотларига қарамасдан Ўзбекистон авторитар давлат сифатида қолмоқда.