Ўзбекистон ва минтақани Украина урушидан сўнг нима кутмоқда?

Марказий Осиё раҳбарлари Туркманистоннинг Авазасидаги саммитда. 6 август, 2021

Украинадаги уруш Россиянинг Марказий Осиёдаги роли ва таъсири борасидаги ишончларни ўзгартириб юборди, бошқа ўйинчилар, айниқса, Хитой учун имкониятлар очилди, деб ёзади The Diplomat нашри.

Аввал-бошда Марказий Осиёда урушга ботиб қолган Россия ишончсиз ҳамкорга айланади, у билан муносабатлар қийинлашади? деган ишонч пайдо бўлганди. Россиянинг ўзи ҳам уруш бошлангач, бу минтақадаги таъсири сустлашишини билган, аммо бу давлатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор берди ва ўзининг ишончли ҳамкор эканлигини кўрсатишга уринди.

Путин уруш бошлангандан бери минтақадаги беш давлатга сафар қилди. Аммо бу сафарларни жуда умидбаҳш деб ҳам бўлмайди. 2022 йил 2 март куни БМТ Бош Ассамблеяси Россиядан босқинни тўхтатишни талаб қилувчи резолюцияни мутлақ кўпчилик овоз билан қабул қилди. Минтақадаги беш давлатдан Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон овоз бермади, Ўзбекистон ва Туркманистон жараёнда қатнашмади. Уларнинг ҳеч бири Россия томонда турмади.

Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан Марказий Осиё давлатларида юзага келган хавотир шуки, агар Россия ғалаба қозонса, навбат уларнинг ўзларига келиши мумкин. Бу хавотир, айниқса, этник руслар кўпроқ бўлган Қозоғистонда кўпроқ сезилади.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Марказий Осиё давлатлари президентларининг фарзандлари

The Diplomat нашрига кўра, келажакда Марказий Осиё давлатлари олдида муҳим масала турибди. Бир томондан улар халқаро ҳамжамият билан фаол ҳамкорлик қилиб, ташқи молиявий ва сиёсий имкониятларни ички тараққиётга айлантиришлари керак. Иккинчи томондан, улар Россия ва бошқа глобал ўйинчилар билан муносабатда нозик мувозанат топиши, ҳам Россияни қўллаб-қувватлаётгандек кўринмасликлари, ҳам Москва томонидан Россияга қарши ҳаракатларда айбланишдан эҳтиёт бўлишлари керак. Ана шу мувозанат Марказий Осиёнинг келажакдаги барқарорлиги ва фаровонлиги учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади, деб таъкидлайди мақола муаллифи.

2022 йилдан бошлаб Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг амалдаги раҳбарлари ваколат муддатини бир амаллаб узайтириб олди; Туркманистон сулолавий ворисликка ўтди; Тожикистон ўзининг сулолавий ворислигига замин ҳозирлай бошлади; Қирғизистон эса ўз президенти ваколатларини янада кучайтирволди.

Урушдан олдин Россия энг йирик савдо шериги бўлган Марказий Осиёнинг аксарият мамлакатлари учун ҳозир унинг ўрнини Хитой эгаллади.

Ўзбекистон Россия билан яхши муносабатларни сақлаб келмоқда, бироқ айни пайтда, Ғарб билан алоқаларни кенгайтиришга интилмоқда. Тошкент ҳеч қачон Россия-Украина урушини қораловчи тўғридан-тўғри баёнот бермаган, бироқ қўллаб-қувватлашини ҳам эълон қилмаган. Ўзбекистоннинг иқтисоди ва хавфсизлигига Россиянинг Украина билан уруши жиддий таъсир кўрсатди. 2016 йил охирида Шавкат Мирзиёев президент бўлганидан сўнг Ўзбекистон-Россия муносабатлари яхшиланган бўлса-да, Кремлнинг Украинадаги тажовузи бу тараққиётга маълум даражада хавф туғдирди. Бир неча миллион ўзбек меҳнат муҳожири Россияда ва уларнинг ватанларига юбораётган пул жўнатмалари Ўзбекистон иқтисодиёти учун муҳим аҳамиятга эга. 2023 йилга келиб Хитой Ўзбекистоннинг етакчи савдо шериги сифатида Россиядан ўзиб кетди. Қолаверса, Ўзбекистон ҳукумати Озарбайжон ва Туркия билан ҳам алоқаларни мустаҳкамлаб, янги савдо йўлаклари ва ҳарбий ҳамкорликка интилмоқда.

Россия қўшинлари Украина шаҳарларини бомбалай бошлашидан бир неча ҳафта олдин Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев мамлакатдаги кескин тартибсизликларни бостириш учун Москва бошчилигидаги ҳарбий блок Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотидан (ОДКБ) ёрдам сўраганди. Уруш арафасида эса Қозоғистон Украина шарқидаги Россия томонидан қўллаб-қувватланаётган бўлгинчиларни тан олмаслигини билдирди. Кўплаб шарҳловчилар Тоқаевни Путиндан қарздор бўлиб қолган деб ҳисоблашади, шу сабабли Қозоғистоннинг нейтрал позициясини россиялик қонунчилар ва Кремль тарғиботчилари қоралай бошлади. Шиддатли риторикага қарамай, Токаев Москва ва Остона муносабатларини умуман барқарор сақлай олди. Ўзбекистон билан бўлгани каби, 2023 йилга келиб Хитой Қозоғистоннинг энг йирик савдо шериги сифатида Россиядан ўзиб кетди.

Россия ҳеч қачон Туркманистоннинг асосий савдо шериги бўлмаган. 1995 йилдан бери ташқи сиёсатда бетарафлик сиёсатини давом эттирган Ашхобод Россия ва Украина ўртасидаги зиддият авж олган даврда ҳам бетараф ва эҳтиёткор позициясини сақлаб қолди. Иқтисодий жиҳатдан Хитой узоқ вақтдан бери Туркманистоннинг энг муҳим иқтисодий ҳамкори бўлиб келган.

Бошқа Марказий Осиё давлатлари билан солиштирганда Тожикистон хавфсизлик ва иқтисодий масалаларда Россияга кўпроқ қарам. Россия ҳарбий кучлари Тожикистонда жойлашган ва Афғонистон билан чегаранинг узунлиги ва Толибоннинг ҳокимиятга қайтганини ҳисобга олса, Тожикистоннинг хавфсизлик манфаатлари Россия билан ҳамкорликни кучайтиришни талаб қилади. Россиянинг Украинада уруши бошланганидан бери Россия ва Тожикистон ўртасидаги муносабатлар жиддий ўзгармади.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Путин Тошкентда: нега ҳозир ва нега айнан Ўзбекистон?

Қирғизистонга нисбатан Ғарб давлатларининг муҳим иқтисодий манфаатлари йўқлиги ва Бишкекнинг Москвага боғлиқлиги туфайли Қирғизистон Россиядан ташқарида минимал ташқи босимга дуч келмоқда. Қирғизистоннинг Россия иштирокидаги йирик лойиҳалардаги иштироки Москвага ёрдам беради. Қирғизистон Россияга Ғарб санкцияларини четлаб ўтишда ёрдам беришда Марказий Осиё давлатлари орасида етакчи бўлиши мумкин.

Марказий Осиё давлатлари Россияга қарамлигига, улар Украинадаги урушда Россиянинг ғалаба қозониши эҳтимолидан кўпроқ хавотирда, дейди мақола муаллифи. Агар шундай бўлса, Украина тақдири Марказий Осиёда такрорланиши мумкинлигидан хавотирлар бор. Бу мамлакатларда хавф Украинага қараганда анча юқори. Одамлар авторитар ҳукуматларидан жиддий норозилиги, террорчи ва айирмачи гуруҳлар мавжудлиги минтақада Украинадаги каби уруш бошланса, аҳвол баттарроқ бўлишига сабаб бўлиши мумкин.

Нашрга кўра, Марказий Осиёда мавжуд кўп томонлама сиёсат ўз аҳамиятини йўқотмоқда. Минтақа ё Ғарб, ёки Ғарб бўлмаган блок, жумладан, Хитой, Россия, Эрон ва бошқа давлатлар билан яқинлашиши керак. Ғарб ва Россия ўртасида танлов қилиш Марказий Осиё учун осон эмас. Сиёсий жиҳатдан бу мамлакатларда демократия, сўз ва матбуот эркинлиги рисоладагидек эмас. Иқтисодий жиҳатдан улар технология ва инвестициялар бўйича Ғарбга тобора кўпроқ қарам бўлиб бормоқда, бошқа томондан, Россия билан чуқур боғланган. Иқтисодий ва ҳарбий тузилмалари Россия моделига асосланган бу республикаларнинг Москва таъсиридан чиқиб кетиши қийин.