Ўзбекистонда давлат идоралари ўз тузилмаларидаги мавжуд штат бирликлари доирасида ахборот хизматини биринчи раҳбарга бўйсунадиган мустақил таркибий бўлинма сифатида қайта ташкил этади. Бу ҳақда 14 декабрь куни regulation.gov.uz порталига муҳокама учун жойланган Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси айтилган.
“Давлат органлари фаолиятини ёритиш учун ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишни такомиллаштириш тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси Ўзбекистон президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан ишлаб чиқилган.
Лойиҳада 2021 йилнинг 1 февралидан эътиборан давлат идоралари олдига ўз фаолиятини доимий ёритиб бориш ҳамда амалга оширилаётган лойиҳаларни жамотчиликка тезкор ва тушунарли етказиб бериш орқали ташкилотнинг ижобий имижини шакллантиришга доир вазифаларни амалга ошириш жараёнида ҳамкорликда ишловчи журналист ва фойдаланувчилар сони юқори бўлган блогерлардан иборат “Медиа пул” ташкил этиш вазифаси қўйилган.
Шунингдек, кейинги йил февралидан журналистларнинг аккредитация қилиш тўғрисидаги ёзма ва электрон мурожаатлари давлат идоралари томонидан тегишли мурожаат олинган кундан бошлаб кўпи билан уч иш кунида кўриб чиқилиши белгиланган, давлат идораларига ўз жамоатчилик кенгашлари фаолияти ва аъзолар рўйхатини қайта кўриб чиқиш ҳамда жамоатчилик кенгашлари таркибига камида бир нафардан фаол журналист ва/ёки блогерни киритиш чорасини кўриш топширилган.
Бундан ташқари, давлат идораларига ўз фаолиятига тааллуқли, аҳолининг кенг қатлами онгига салбий таъсир кўрсатувчи материал ва маълумотларга бир кун ичида тезкор муносабат билдириш бўйича топшириқ берилган.
Лойиҳага мувофиқ, давлат идоралари ҳар чоракда камида бир марта оммавий ахборот воситалари ва блогерлар учун очиқ бўлган матбуот конференциялари, брифинглар ташкил этиши ва интервьюлар, савол-жавоблар ўтказиш йўли билан жамоатчиликка доимий ҳисобот бериши лозим.
Айни пайтда давлат идораларининг турли даражадаги раҳбарлари Facebook, Twitter, Instagram, Telegram каби кўплаб фойдаланувчиларга эга ижтимоий тармоқлар, мессенжерларда ўз расмий саҳифаларини очишлари керак бўлади.
Шу билан бирга, давлат идоралари раҳбарлари зиммасига ахборот хизматлари билан биргаликда Интернет тармоғидаги Wikipedia мустақил интернет-энциклопедиясида алоҳида веб-саҳифа очиб, ўзи бошқараётган давлат идораси ва ўз меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотларни уч тилда (ўзбек, рус, инглиз тиллари) жойлаштириш вазифаси юклатилган.
Раҳбарларга ўз расмий саҳифаларида ҳафта давомида камида уч марта бошқарувидаги давлат идораси фаолиятига дахлдор бўлган ахборотни жойлаштириб бориш ҳамда мазкур саҳифалар орқали жамоатчилик фикрини ўрганиб, мурожаат ва саволларга жавоб бериб бориш ҳам топширилган.
Лойиҳа муҳокамаси жорий йилнинг 29 декабрига қадар давом этади.