Ўзбекистондаги диний вазиятни соғломлаштириш ҳақидаги президент махфий қарори ижросига оид “Йўл харитаси”нинг бир неча бобида имом-хатибларга жиддий вазифалар юклатилган.
Бу вазифалар ижроси учун масъул этиб, мақоми ДХХ раиси ўринбосари мақомига тенглаштирилган Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов тайинланган.
Имом-хатиблар фаолияти устидан “вертикал бошқарув тизими”ни шакллантириш айтилган бу махфий ҳужжатда¸ хусусан¸ жума маърузаларининг “шукроналик” руҳида бўлиши¸ уларнинг онлайн бериб борилиши¸ махсус тренинглардан ўтган имом-хатибларнинг ижтимоий тармоқларда фаол бўлиши буюрилган.
Ижроси сентябрдан бошланган бу тадбирлар натижасига қараб имом-хатиблар Дин ишлари қўмитаси - ДИҚ (ДХХ деб ўқиса ҳам бўлади) томонидан ë рағбатлантирилади¸ ëки жазога тортилади.
Махфий қарор қабул қилинган 4 сентябрдан буëн Озодликка келаëтган хабар ва маълумотлар бу топшириқларнинг айтилган шаклда ижро этилаëтганини тасдиқлайди.
Муфтий ҳар ҳафта Дин ишлари бўйича қўмитага ҳисоб беради
Озодлик ихтиëридаги махфий ҳужжат Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва фаолияти шу тузилма томонидан бошқариладиган имом-хатибларнинг тўғридан-тўғри ДХХ (эски номи МХХ - Миллий хавфсизлик идораси) га бўйсуниши ҳақида мавжуд тахминларни расман тасдиқлади.
Мавзуга алоқадор Махфий қарор: Дин ишлари бўйича қўмита раиси ДХХ раиси ўринбосарига тенглаштирилдиПрезидент томонидан мақоми ДХХ раиси ўринбосарига тенглаштирилган Дин ишлари бўйича қўмита раисига Ўзбекистон мусулмонлар идораси фаолиятини бошқариш ва назорат қилиш ваколати берилган.
Махфий қарорга илова қилинган “Йўл харитаси”нинг V боби “Ўзбекистон мусулмонлар идораси билан ишлаш борасида амалга ошириладиган ишлар” деб номланган ва унга Дин ишлари бўйича қўмита раиси¸ ДХХ раиси ўринбосари Абдуғофур Аҳмедов масъул этиб тайинланган.
Бунгача ДХХнинг Сурхондарë вилояти раҳбари бўлиб ишлаган Аҳмедов¸ президент махфий қарорни имзолашидан икки кун олдин – 2 сентябрда Дин ишлари бўйича қўмита раиси этиб тайинланди.
Аҳмедов ва унинг қўмитасига Ўзбекистон мусулмонлар идораси ташкилий тузилмаси ва кадрлар сиëсатини белгилашдан тортиб¸ бу идора ходимларининг соатма-соат иш тартибигача ишлаб чиқиш¸ тасдиқлаш ва назорат қилиш топширилган.
Вертикал бошқарув тизимига мувофиқ¸ Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг жойлардаги имом-хатиблари “қатъий режа бўйича ҳисобот тақдим этиб боради”.
Хусусан¸ 16 сентябрдан бошлаб “Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарлари (муфтий -таҳр.) ҳафталик иш режалари ижроси юзасидан ҳисоботларини Дин ишлари бўйича қўмитага” тақдим этиб боради.
Имом-хатиб ва отинойилар - мутаассибликка кураш жабҳаси аскарлари
Махфий қарорда “диний вазиятни соғломлаштириш” мақсадида қилиш буюрилган ишлар орасида имом-хатиблар ва отинойиларга аталган топшириқлар рўйхати анча узун.
Хусусан¸ Дин ишлари қўмитаси ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан “аҳоли орасида обрў-эътиборга эга бўлган имом-хатиблар” рўйхатига киритилганлар мутаассиблик¸ экстремизм ва терроризмга қарши маънавий тарғибот фронтида фаол курашчилар этиб белгиланган.
Бу курашда улар қилиши лозим амаллардан айримлари қуйидагилардир:
“1. Жума тезисларига ислоҳотларга шукроналик ва эришилган ютуқларни очиб берувчи аниқ мисоллар¸ шунингдек¸ турли экстремистик ташкилотларнинг ғаразли мақсадларини фош этишга қаратилган иловалар қўшиш.
2. Ижтимоий тармоқларда турли радикал ғоялар тарафдорлари томонидан тарқатилаëтган фатволарга ҳанафийлик мазҳаби ва мотуридийлик таълимоти асосида раддиялар бериш.
3. Мазкур имом-хатибларнинг ижтимоий тармоқларда саҳифаларини яратиш ҳамда жума маърузаларини доимий равишда онлайн бериб борилишини таъминлаш.
4. Масжидлардаги жума маърузаларида маърифатпарварлик¸ инсоннинг ўзаро бағрикенглиги¸ инсонпарварлиги¸ тинч-осойишта кунларга шукроналик ва эртанги кунга ишонч ғояларини тарғиб этиш”.
Имом-хатиблар¸ шунингдек отинойиларга берилган бу топшириқларни амалга оширишда¸ махфий ҳужжатнинг 43-бандида ëзилишича¸ уларга Дин ишлари бўйича қўмита¸ Ўзбекистон мусулмонлари идораси¸ Халқаро ислом академияси ва Ислом цивилизацияси марказидан ташқари ИИВ ва ДХХнинг ҳудудларга бириктирилган масъуллари ëрдам беради¸ айни пайтда улар фаолиятига оид Дин ишлари бўйича қўмитага “таҳлилий ҳужжатлар” тақдим этиб боради.
Экстремизмга қарши онлайн тарғибот кучаймоқда
Озодлик 4 сентябрь санаси билан расмийлаштирилган 4437м сонли махфий қарор мазмуни билан таништириб бораëтган айни кунларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси¸ хусусан¸ махфий ҳужжатда “обрўли ва аҳоли орасида таъсирга эга деб” таснифланган имом-хатибларга ижтимоий тармоқларда фаоллашиш буюрилгани айтилмоқда.
Хусусан¸Озодликка келган айрим хабарларга кўра¸ Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан “обрўли” имом-хатибларга Facebook саҳифаси очиш ва мутаассибларга раддия беришни кучайтириш топширилган.
Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келганидан сўнг жума маърузалари Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Тошкентдаги “Мирза Юсуф” жоме масжиди сайтида онлайн тақдим этиб келинаëтган имом Раҳматуллоҳ Сайфутдиновнинг 18 октябрь куни қўйилган видеомаърузаси “ижтимоий тармоқлардаги бузғунчилар”га қарши қаратилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси сайтида матни эълон қилинган жума тезислари мавзуси ҳам айнан ижтимоий тармоқлардаги таҳдидлар¸ хусусан¸ фитначилар ҳақида бўлди.
Озодликка жойлардан келган хабарларга кўра¸ ўтган ҳафталар давомида республика бўйлаб аксар масжидларида қилинган жума маърузалари соқол ва ҳижоб¸ ижтимоий тармоқларда тарқаëтган “бузғунчи ғоялар”га қарши тарғибот¸ айни пайтда¸ “бораëтган улкан ислоҳотларга шукроналик” мазмунида бўлган.
Хусусан¸ Наманган масжидларидан биридаги жума маърузаси ҳақида хабар йўллаган намозхонлардан бири¸ имомнинг соқол ва ҳижоб мусулмон учун фарз эмаслиги¸ ўз хотинини ҳам ҳижобдан чиқариши ҳақида гапирганини билдирди.
“Энг қизиғи¸ айни имом яқинларгача намозхонларни соқол қўйишга даъват қилиб келган эди. Ўтган жума куни участковой "бошланг энди” деганидан кейин¸ ўзи айтганларнинг тескарисини айтишга ўтди. Соқол қўйиш суннат эмас¸ деб сайраб кетди. Бу ҳам етмагандек¸ имомларимиз участковой билан бирга уйма-уй юриб соқолни олдиринг¸ бахмал дўппи кийманг¸ бўлмаса штрафи бор¸ деб юрипти”¸ деди наманганлик намозхонлардан бири.
Имомлар нечта одамни экстремистликдан қайтарганига қараб ë мукофот¸ ëки жазо олади
Махфий қарор ва унга илова қилинган чора-тадбирлар жадвалида ҳар бир имомга ўзига ажратилган ҳудудда яшовчиларни “бузғунчи ғоялар”дан қайтариш топширилган.
Бунинг учун улар ИИВ ва ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда “экстремистик ғояларидан қайтмаган”лар билан биттама-битта суҳбатлашиб¸ натижаси бўйича Дин ишлари қўмитасига ҳисоб бериши керак.
Соқоли қиртишланган имомларнинг ДХХ¸ ҳокимият ва ИИБ ходимлари ҳамроҳлигида соқол қўйган ëки “ноодатий кийим” кийганлар олдига бориб¸ улар билан “тушунтириш ишлари” олиб бораëтганини хабар қилган бухороликлардан бири бундай суҳбатлар акс этган суратларни Озодликка тақдим этди.
Ўзбекистон бўйлаб бораëтган имомларнинг бундай юришлари эса¸ уларнинг президент махфий қарорининг 7-бандида Дин ишлари қўмитасига юклатилган мана бу топшириқ ижросига қаттиқ киришгани тасдиғидир.
“Қўмита Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда уч ҳафта муддатда экстремистик ғояларидан қайтмаган шахсларни яшаш жойи бўйича имом-хатибларга бириктириш¸ бу борадаги фаолияти натижаларига қараб имом-хатибларни рағбатлантириш ëки уларга нисбатан чоралар кўриш бўйича тартибни тасдиқласин”.