Ўзбекистонда майнинг фермалари фаолиятига рухсат берилгани тўғрисида Адлия вазирлиги 4 октябрь куни маълум қилди. Расман билдирилишича, бу борада ҳукумат 29 сентябрда “Майнинг фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома бериш тартиби тўғрисида”ги низомни тасдиқлаган.
Низомга асосан, майнинг фақат юридик шахс томонидан қуёш фотоэлектр станциялари орқали ишлаб чиқарилган электр энергиясидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади. Қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда майнерлар истеъмол қилинган электр энергиясини ҳисобга олиш ускунасини ўрнатиб, ягона электр энергетика тизимига уланиши мумкин.
Майнерлар ўз фаолиятини фақат рўйхатга олинган пайтда кўрсатилган манзилда, ёнғин хавфсизлиги ҳамда санитария нормалари ва қоидаларига риоя қилган ҳолда амалга ошириш ҳуқуқига эга.
Майнерлар майнингни амалга ошириш натижасида олинган крипто-активларни Ўзбекистонда крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолияти билан шуғулланиш учун лицензияга эга бўлган крипто-биржалар орқали сотишга ҳақли.
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги майнинг фаолиятига рухсат бериш ёки рад этиш масаласини 15 кунда кўриб чиқиши белгилаб қўйилди. Аризани кўриб чиқиш ҳамда рухсатнома расмийлаштириш учун йиғим ундирилмайди. Рухсатнома 5 йил муддатга берилади.