МБ асосий ставкани ярим фоизга пасайтирди

Тошкентдаги Марказий банк биноси

Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви асосий ставкани 0,5 фоизга пасайтириб, йиллик 13,5 фоиз даражасида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилган.

МБ қайдича, июнь ойида умумий инфляция йиллик 10,6 фоиз даражасида шаклланиб, инфляциянинг барқарор компонентлари ва мева-сабзавотлар нархларида сезиларли пасайиш кузатилган, ташқи бозорлардаги нархлар динамикаси ҳам импорт инфляциясига пасайтирувчи таъсир кўрсатишда давом этяпти.

Шунингдек, озиқ-овқат товарлари инфляциясининг пасайиши ҳамда алмашув курси барқарорлиги аҳолининг инфляцион кутилмаларига ижобий таъсир кўрсатиб, июнь ойида сезиларли пасайишига олиб келди. Бу эса кутилмалар томонидан инфляцияга босимларни пасайиб боришига шароит яратади”, дейилган Марказий банк хабарномасида.

МБ асосий ставкани сўнгги бор 2023 йилнинг март ойида ўзгартирган, ўшанда ставка 15 фоиздан 14 фоизга пасайтирилган эди.

Айни пайтда МБ раиси Мамаризо Нурмуродов пайшанба куни Тошкентда ўтказилган анжуманида асосий ставканинг ярим фоизга пасайтирилиши “пул-кредит шароитларининг қатъийлик даражасига сезиларли таъсир кўрсатмаслиги”ни таъкидлаган.

Мулозимга кўра, 2025 йилнинг май ойиигача нисбатан юқори даражадаги инфляция (9 фоизгача) сақланиб қолади, шунинг учун регулятор пул-кредит сиёсатини юмшатишга ўтяпти, деб бўлмайди.

Агар вазият биз кутгандан яхшироқ бўлса, биз асосий ставкани кўриб чиқишга тайёрмиз. Бироқ ҳозир бундай тенденция бошланди, деб айта олмаймиз”, деган Марказий банк раиси.