МБ раиси: Ўзбекистонда “Мир” карталарига хизмат кўрсатишни тиклаш режаланаётгани йўқ

Ўзбекистондаги тижорат банклари Россиянинг “Мир” карталарини яна қабул қила бошлашга тайёр эмас. Бу ҳақда “Коммерсант” нашри Марказий банк раҳбари Мамаризо Нурмуродов сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.

МБ раисига кўра, ҳозирги пайтда тижорат банкларининг мазкур карталарга хизмат кўрсатиши учун “катта хатар мавжуд”. Айни пайтда мулозим Россия ва Ўзбекистон россияликлар учун нақд бўлмаган тўловларни амалга оширишни осонлаштириш устида ишлаётганини, хусусан, уларнинг Ўзбекистонга келгунига қадар сўм сотиб олишига имкон берувчи механизмни яратиш эҳтимоли борлигини айтган.

Озодлик аввалроқ UZCARD умумреспублика процессинг маркази “техник сабабларга кўра” 23 сентябрдан “Мир” карталарига хизмат кўрсатишни вақтинча тўхтатгани ҳақида хабар қилган.

Сентябрь ойи ўрталарида АҚШ Молия вазирлиги “Мир” карталарига хизмат кўрсатаётган хорижий банкларни санкция жорий этилиши мумкинлиги юзасидан огоҳлантирган. Бунинг ортидан Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Вьетнам ва бошқа мамлакатлардаги қатор банклар бу карталарга хизмат кўрсатиш бўйича чеклов жорий қилишган эди.

Расмий статистикага кўра, жорий йилнинг 9 ойи ичида Ўзбекистонга сал кам 400 минг россиялик келган.