МБ: Расмий захира активлари қарийб 35 миллиард долларга етди

Ўзбекистоннинг расмий халқаро захиралари ҳажми ўтган йил декабридан бери 2 миллиард долларга ошган.

Марказий банк қайдича, 2021 йил 1 январидаги ҳолатга кўра, мамлакатнинг расмий захира активлари 34 миллиард 904 миллион АҚШ долларига тенг бўлган. 2020 йил 1 декабрь ҳолатига кўра, мазкур кўрсаткич 32 миллиард 892 миллион 800 минг долларни ташкил этганди.

Захираларнинг 20 миллиард 216 миллион 700 минг доллари олтин шаклида, 14 миллиард 303 миллион 900 минг доллари эса хорижий валюта ва депозитлар шаклида сақланмоқда.

Аввалроқ Озодлик Ўзбекистон жорий йилнинг январь-август ойлари оралиғида рекорд даражада – 5 миллиард 800 миллион долларлик олтин сотгани ҳақида хабар қилган эди. Газета.уз маълумотига кўра, Ўзбекистон куздан бери захирадаги олтинларни сотишни тўхтатган.

Олтин-валюта захираси ҳар бир мамлакатнинг “қора кун”га асралган мулки бўлиб ҳисобланади.