Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 2020 йил бошидан бери 19,7 фоизга ёки 4 миллиард 824 миллион 800 минг долларга ошган. Бу ҳақда Марказий банк томонидан ёйинланган “Ўзбекистон Республикаси тўлов баланси, халқаро инвестицион позицияси ва ташқи қарзи (2020, 9 ойлик)” ҳисоботида қайд этилган.
МБ маълумотига мувофиқ, республика ташқи қарзининг умумий ҳажми 2020 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, 29,3 миллиард долларни ташкил қилган.
Жорий йилнинг 9 ойи ичида олинган қарийб 5 миллиард долларлик қарзнинг 2 миллиард 941 миллион 600 минги давлат томонидан, 1 миллиард 883 миллион 200 минги хусусий сектор томонидан жалб этилган.
Шу тариқа 2020 йил 1 октябрига келиб давлат ташқи қарзи миқдори 18 миллиард 727 миллион 700 минг долларни, хусусий ташқи қарз миқдори эса 10 миллиард 597 миллион 400 минг долларни ташкил этган.