МДҲ давлатларида блокланадиган сайтларнинг ягона реестри яратилиши мумкин

МДҲ давлатлари ички ишлар вазирлари ташкилотга аъзо мамлакатларнинг миллий қонунчилигига мувофиқ блокировка қилиниши шарт бўлган интернет-ресурсларнинг Ягона реестрини яратишнинг мақсадга мувофиқлигини муҳокама қилишди.

Мазкур муҳокама, ИИВ матбуот хизмати маълумотига кўра, МДҲга аъзо давлатлар Ички ишлар вазирлари кенгашининг 8 сентябрь куни Чўлпонота шаҳрида (Қирғизистон) бўлиб ўтган галдаги мажлисида бўлиб ўтган. Унда Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов бошчилигидаги ИИВ делегацияси ҳам иштирок этган. Йиғилишда Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ҳамда Россия ИИВ раҳбарлари қатнашишган.

Кузатувчилар блокланажак интернет-ресурсларнинг ягона реестри яратиладиган бўлса, МДҲдаги бир мамлакатида ёпиб қўйилган маълум бир сайт ташкилотга аъзо бошқа мамлакатларда ҳам блокланиши эҳтимоли борлигидан, бу фикр эркинлигини чеклаб, цензурага йўл очиши мумкинлигидан ташвиш билдиришмоқда.

Дейлик, сўнгги икки йил ичида МДҲга аъзо Беларусда, Украина уруши бошланган февраль ойидан буён эса Россияда минглаб сайтлар блокланган. “Роскомсвобода” лойиҳаси қайдича, шу кунда РФда тақиқланган сайтлар сони 1 миллион 224 минг 967 тага етган.